9 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съездида президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон Стратегияси» номли янги китоби тақдим этилди. Ушбу китобда Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида фикр юритилади.

Дунё бўйлаб кўпгина давлат раҳбарлари ва сиёсат арбоблари ўз фаолияти даврини асосан мемуар сифатида таърифлаб, асарлар ёзишади. Улар ўз китобларида сиёсий ишлардаги фикр ва мулоҳазалардан ташқари, ўз ҳаётларидаги баъзи воқеа ва ҳодисалар ҳақида ҳам ҳикоя қиладилар. Асарлар орқали мазкур инсонларнинг бошқа ҳислатларига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Дунё китобхонлари томонидан эътироф этилган баъзи давлат раҳбарлари ва сиёсий етакчиларнинг асарлари ҳамда уларнинг қисқача мазмуни ҳақида «Газета.uz» сўз юритади.

«Озодлик манбаи. Геттисберг мурожаати» Авраам Линкольн

АҚШ президенти Авраам Линкольн (1809−1865) Америка Қўшма Штатларининг тарихий ривожланишини белгилаб берган тўртта президентдан бири ҳисобланади. Қуйи қатламдан чиққан президент барча билимларини тиришқоқлик ва узлуксиз ўз устида ишлаш орқали ўзлаштирган. У ўзининг ахлоқий намунаси, юксак ахлоқий тамойиллари ва ишонтира олиш қобиляти билан ўз халқини илҳомлантириб, мамлакат иқтисодиётининг жадал ривожланишига ҳисса қўшди ва АҚШ узоқ вақт давомида дунёдаги энг динамик ривожланаётган иқтисодиётга айланди.

«Озодлик манбаи. Геттисберг мурожаати» китобида Авраам Линкольннинг асосий нутқлари ва мақолалари, унинг таржимаи ҳоли, инаугурация нутқлари ва халққа қилинган мурожаатлари бор. Китоб Авраам Линкольн, унинг шериклари ва рақибларининг ҳаёти давомидаги суратлари, АҚШ фуқаролик уруши давридаги ҳужжатли ва бадиий материаллар билан бойитилган.

«Камин олдидаги суҳбатлар. Инқироз, олигархлар ва уруш ҳақида» Франклин Рузвельт


Франклин Рузвельт «Буюк депрессия» даврида АҚШни бошқарган ва уни узоқ давом этган инқироздан олиб чиқишга муваффақ бўлган давлат раҳбари ҳисобланади. Америкаликларда келажакка ишончни уйғотиш учун, у шахсан ўзи халққа давом этаётган ислоҳотлар ва ҳукумат режаларининг маъносини тушунтиришга қарор қилган. Рузвельт Америка халқига тўғридан-тўғри радио хабарлари орқали мурожаат қилиб келган. Бу нутқлар тарихга «Камин олдидаги суҳбатлар» номи билан кирди. Рузвельт ўн икки йиллик бошқарувининг охиригача одамларга мурожаат қилиб келган.

АҚШ 32-президентининг энг яхши нутқлари «Камин олдидаги суҳбатлар. Инқироз, олигархлар ва уруш ҳақида» номли китобда тўпланган.

«Бойликка йўл. Автобиография» Бенжамин Франклин


Ушбу китоб давлат ва жамоат арбоби, дипломат, олим, ихтирочи, ёзувчи, файласуф, тадбиркор Бенжамин Франклин шахсини очиб беради. Унинг юзи ҳаммага таниш — бу АҚШнинг асосий банкнотаси доллардаги сон-саноқсиз маротаба босилиб чиққан портретдир. Унинг «Вақт — пул» афоризмини ҳатто ҳеч нарсани билмаганлар ҳам билади. Франклин «Автобиография"си эса узоқ вақтдан буён ҳозирда буюк шахслар рўйхатига кирган муваффақиятли одамларнинг қайта-қайта мурожаат қиладиган китобига айланган.

«Агар сиз одамлар билан қандай муносабатда бўлиш ҳақида ажойиб маслаҳатлар олишни, ўзингизни бошқаришни ва шахсий фазилатларингизни яхшилашни хоҳласангиз, ҳаётнинг энг қизиқарли ҳикояларидан бири — Бенжамин Франклиннинг таржимаи ҳолини ўқинг», — деган эди америкалик педагог ва ёзувчи Дейл Карнеги.

Ушбу китобда Бенжамин Франклин 1771 йилдан 1790 йилгача ўз ҳаёти ҳақидаги ёрқин эслатмаларни қолдирган. Уларнинг барчаси унинг вафотидан кейин бирлаштирилган. Франклин бу асарида истеҳзо ва ҳазил билан ўзининг ғайриоддий тақдири ва шундай шахс бўлиб етишишига нима ёрдам бергани ҳақида хикоя қилади.

«Учинчи дунёдан — биринчисига. Cингапур тарихи (1965−2000)» Ли Куан Ю


Ли Куан Ю — Сингапур давлат арбоби, 1959 йилдан 1990 йилгача мамлакат бош вазири бўлган. Унинг раҳбарлиги остида ресурслари бўлмаган кичик оролдаги собиқ Британия мустамлакаси кучли иқтисодиёти, қулай сармоявий муҳити ва баркамол ижтимоий сиёсати бўлган юқори даражада ривожланган давлатга айланган. 2000 йилда Ли Куан Ю «Сингапур мўъжизаси» ҳақида мемуар ёзган ва учинчи дунёдан биринчи дунёга чиқиш стратегиясини батафсил баён қилган.

Китобда Ли Куан Ю шаҳар-давлатни такомиллаштириш ва ривожлантириш учун қўйган қадамлари асосли хулосалар билан изчил тасвирланган. Муаллиф, шунингдек, фойдали тажрибага айланган хатоларни ҳам эслатиб ўтган. Шунингдек китобда ташқи сиёсатга катта эътибор берилади. «Учинчи дунёдан биринчисига» — бу мамлакат фаровонлигига қаратилган пухта авторитар бошқарув бўйича ажойиб дарслик ҳисобланади.

«Давлат бошқаруви санъати: Ўзгараётган дунё учун стратегиялар» Маргарет Тэтчер


«Давлат бошқаруви санъати» — 1979−1990 йилларда Буюк Британия бош вазири бўлган машҳур «темир хоним» Маргарет Тэтчернинг китоби ҳисобланади. Тэтчер бу китобни 2003 йилда мамлакат раҳбарига қўлланма сифатида чиқарган ва уни Рональд Рейганга бағишлаган.

«Давлат бошқаруви санъати» — кўп қиррали китоб бўлиб, у мамлакат раҳбариятининг амалий қўлланмасидан ташқарига чиқади. Унда Тэтчер турли мамлакатларнинг муаммоларини таҳлил қилади ва уларнинг ривожланиши учун прогнозлар беради, барқарор ички ва ташқи сиёсат учун демократиянинг қадрини исботлайди, халқаро хавфсизликни муҳокама қилади, кўплаб таниқли сиёсий воқеаларга ўз фикрини билдиради. Китобда ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги жаҳон сиёсий жараёнлари ҳақида умумий тушунча берилган.

«Фикрлар ва хотиралар» Отто фон Бисмарк


Отто вон Бисмарк — машҳур немис канцлери, унинг сиёсий фаолияти чўққиси Германия империяси тузилиши пайтига тўғри келган. Бисмаркнинг 1898 йилда нашр этилган «Фикрлар ва хотиралар» китоби ҳақиқий бестселлерга айланган: у ўз китобида Иккинчи Рейхнинг пайдо бўлишига олиб келган воқеалар ҳақида гапирган.

Бироқ, бу шунчаки мемуар эмас, бу, биринчи навбатда, «ўтмишни тушуниш ва келажак учун ибрат бўлиши учун ўғиллар ва набираларга» қаратилган «темир канцлер» нинг сиёсий васияти ҳисобланади. Сиёсий майдонда ўз фаолиятини якунлаб, Бисмарк ушбу китобда нафақат замондошлари олдида ўзини оқламоқчи, балки ўз ворисларини келажакдаги хатолар ҳақида огоҳлантирмоқчи ҳам бўлган.

«Иккинчи жаҳон уруши» Уинстон Черчилль


Буюк Британиянинг собиқ бош вазири нафақат ўз даврининг таниқли сиёсатчиси, балки жуда яхши ёзувчи ҳам эди. 6 жилдлик «Иккинчи жаҳон уруши» асари Черчилльга тегишли.

Биринчи китобда 1919 йилдан 1940 йил декабригача бўлган воқеалар тасвирланган, муаллифнинг сўзларига кўра, улар «олдини олиш мумкин бўлган ва кераксиз» урушга олиб келган.

Иккинчи китобда хотираларнинг учинчи ва тўртинчи жилдлари нашр этилган ва 1941 йил январидан 1943 йил июнигача бўлган воқеалар тасвирланган: фашистлар Германиясининг Совет Иттифоқига бостириб кириши, милитаристик Япониянинг АҚШга ҳужуми, Гитлерга қарши коалиция тузилиши, иттифоқчиларнинг ҳимоядан ҳужумга ўтиши.

Учинчи китобда эса бешинчи ва олтинчи жилдлари нашр этилган ва 1943 йил июндан 1945 йил июлгача бўлган воқеалар — Германия иттифоқчиларининг таслим бўлиши, Теҳрон, Ялта ва Потсдам конференциялари, Америка, Британия ва Канада қўшинларининг Нормандияга ўтказилиши, Совет армияси ва иттифоқчиларининг тарихий ғалабалари, Германиянинг таслим бўлиши натижасида фашист қўшинлари мағлубияти тасвирланган.

«Менинг ҳаётим» Маҳатма Ганди


Моҳандас Ганди «бания» савдогар кастасига мансуб ўзига тўқ оиладан чиққан. Вафотидан сўнг эса ундан фақат бир жуфт сандал, кўзойнак ва таёқ қолган. Бутун умрини ўзини чегаралашга ва жамиятга хизмат қилишга бағишлаган, зўравонликсиз қаршиликни кураш воситаси сифатида ишлатган, зўравонлик ва диний низоларга тинимсиз қаршилик кўрсатган энг машҳур ҳинд Гандини «Буюк қалб» соҳиби деб аташади.

Маҳатма Гандининг «Менинг ҳаётим» китоби — буюк донишманд ва тажрибали, қалби тоза сиёсатчининг таржимаи ҳоли, Ҳиндистоннинг озод қилиниши ва Гандининг руҳий изланишлари ҳақидаги ҳикоя ҳисобланади. Китобда, шунингдек, «Менинг иймоним» ва «Саломатлик калити» рисолалари мавжуд бўлиб, унда Ганди ўз дунёқараши билан ўртоқлашади, дунёда мавжуд бўлган динлар, шунингдек, вегетарианлик ва ахлоқий турмуш тарзи муҳокама қилинади.

«Котиб хоним» Мадлен Олбрайт


Билл Клинтон президентлиги даврида Мадлен Олбрайт Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларидан тортиб НАТОнинг Косовога гуманитар аралашувигача бўлган энг муҳим ва драматик сиёсий воқеаларнинг фаол иштирокчиси бўлган.

АҚШ тарихида биринчи марта юқори даражали лавозим — давлат котиби (ташқи ишлар вазири) бўлиб тайинланган аёл ўзининг очиқ мемуарида ушбу воқеаларни қизғин ҳикоя қилади ва ўқувчиларга жаҳон тарихининг энг жўшқин даврларида халқаро муносабатлар саҳнаси ортига назар солишга имкон беради.

Ўзининг ушбу китобида Мадлен Олбрайт шахсан мулоқот қилган дунёнинг етакчи раҳбарлари ва анъанавий тарзда эркаклар етакчилик қиладиган дипломатик майдонда қандай қийинчиликларни бошдан кечиргани ҳақида гапиради. Китобда Владимир Путин, Вацлав Гавел, Ясир Арафат, Ариэль Шарон, Биньямин Нетаньяху, қирол Ҳусайн, Слободан Милошевич, Ким Чен Ир, Билл ва Хиллари Клинтон, Колин Пауэлл ва бошқа кўплаб жаҳон лидерларининг қизиқарли портретлари тақдим этилган.

«Ваъда қилинган ер» Барак Обама


АҚШ собиқ президенти Барак Обаманинг «Ваъда қилинган ер» китоби унинг мемуарларининг биринчи жилди ҳисобланади.

Хотираларининг биринчи жилдида Барак Обама ўзининг ёшлиги ва президентлик сари йўли ҳақида ҳикоя қилади. У ўзининг сиёсий маълумоти ва ўзининг тарихий президентлигининг биринчи давридаги муҳим лаҳзаларни батафсил тасвирлаб беради. Китоб Обама президентлигининг биринчи муддатида Усама бен Ладенни йўқ қилиш бўйича махсус операцияси билан якунланган. Унда Обаманинг тарихда ўзини тинчликпарвар ва «инсоний юзли сиёсатчи» сифатида тарихда қолишга уринганлиги кўрсатилган.