«Миллий тикланиш» партиясининг ваколатли вакили Баҳодир Маматхонов партия ва унинг номзоди дебатлар ва сайловолди дастурини экспертизадан ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Аввалроқ, «Адолат» ва Миллий тикланиш партиялари орасида можаро юзага келгани ҳақида ёзган эдик. Шундан сўнг, Адолат номзоди Баҳром Абдухалимов Алишер Қодировни кўчирмакашликда айблаётганини яна бир бор тасдиқлаб, у билан ҳам дебатларга киришиши мумкинлигини айтганди.

Бунга жавобан Алишер Қодиров ўзининг телеграм каналида сайловолди дастурларидаги ўхшаш жиҳатларни «имконият» деб атаб, «Адолат» партияси билан президентлик сайловларида ҳар икки партиядан ягона номзод кўрсатиш масаласини муҳокама қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Миллий тикланиш партияси ваколатли вакили Баҳодир Маматхонов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Алишер Қодиров партиялар бирлашишини назарда тутмаганини айтди.

«Бизнинг номзодимиз дебатга ҳам, журналистлар, жамоатчилик ёки сайловчилар билан очиқ фикрлашишга, ғояларни экспертизадан ўтказишга ҳам тайёр… Партиялар бирлашиши назарда тутилмаяпти. Агар фикрларимиз бир хил бўлса, биргаликда битта номзод кўрсатайлик дейиляпти», — деди у.

Баҳодир Маматхонов.

У шунингдек, Миллий тикланиш ва Адолат бир номзодни кўрсатса, Алишер Қодиров ўз ўрнини Баҳром Абдухалимовга бўшатиб беришга тайёр ёки йўқлигига ҳам ойдинлик киритди.

«Алишер Қодиров ўзининг жойини бўшатиб беришга эмас, курашишга тайёр. Биз ҳеч қачон орқага чекинмаймиз. Мени шахсий фикрим, бизнинг номзод ҳам Адолатни номзоди ҳам ўзини ўрнини беришни хоҳламаса керак. Кучлилар орасидан номзод танланади. Мақсади ва фикри аниқ, ўзининг қатъий позициясига эга бўлганлар номзодини қўяди. Номзодлар ўз дастури, режалари бўйича чиқиш қилиб кўрсатиб берсин. Одамда барибир сиёсий дунёқараш, харизма, етакчилик қобилияти деган нарсалар бор. Иккита номзод ҳам шуларни кўрсатиб берсин, бу ёқда қарорни қабул қиладиганлар бошқалар. Кўпчилик қарор қабул қилади, бир киши эмас», — деди Маматхонов.

Миллий тикланиш партияси вакилининг сўзларига кўра, Алишер Қодиров курашади ва ортга чекинмайди. «Чекинишга, орқага қадам ташлашга уни табиати ҳам йўл қўймайди. Ўзи раҳбарлик қилиб турган партия ғояси, фаолияти ва орқасидаги партиядошлари ҳам бунга йўл қўймайди», — дея қўшимча қилди партия вакили.

Абдукамол Рахмонов.

«Газета.uz» айни шу ҳолат бўйича «Адолат» партияси номзоди позициясини билиш мақсадида партиянинг ваколатли вакилига мурожаат қилди. Абдукамол Рахмонов мазкур масала юзасидан изоҳ беришни истамади ва бунга номзоднинг ўзи жавоб бергани маъқул эканини айтди.