Тошкент шаҳар ИИБ матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган «Малика» савдо мажмуаси олдида пичоқбозлик бўлганлиги ҳақидаги видеохабар бўйича муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 12 сентябрь куни тахминан соат 12:00 ларда Шайхонтоҳур тумани КХАЙ ва Лабзак кўчалари кесишмаси ёнида жойлашган кафенинг олдида «Малика» савдо мажмуасида телефон савдоси билан шуғулланувчи бир нечта фуқаролар ўртасида жанжал юзага келган.

Жанжал натижасида 1977 йилда туғилган Т.Б. кўкрак қафаси соҳасида санчилиб кесилган жароҳатлари билан вафот этган. Шунингдек, 1988 йилда туғилган М.А. бир неча жойидан санчилиб кесилган жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига олиб борилган.

«Жиноятни содир этишда гумонланаётганларни аниқлаш, шунингдек жиноят гувоҳлари билан тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун жанжалда иштирок этган барча шахслар ички ишлар бўлимига олиб борилган. Ушбу шахсларни ички ишлар бўлимига олиб бориш жараёни акс этган видео, шунингдек, воқеа жойини ўраб олиб, кўздан кечириш жараёни акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми («Қасддан одам ўлдириш») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Малика» савдо мажмуасида бу каби ҳолатлар тез-тез содир бўлиб туради. Хусусан, ўтган йилнинг декабрида 21 ёшли фуқаро мажмуанинг кириш қисмида 27 ёшли фуқаронинг бел ва лунж қисмларига ўртача оғир даражадаги жароҳатларни етказган эди.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг июль ойида муқаддам судланган Саиднўъмон Акбаров «Малика» савдо мажмуаси автотураргоҳида ўзаро жанжал оқибатида телефонлар сотувчилари Х.С., А.А. ва Ж.М.га пичоқ билан жароҳат етказиб, воқеа жойидан яширинган.