«Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров «Адолат» социал-демократик партияси билан президентлик сайловларида ягона номзод кўрсатиш масаласини муҳокама қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзди.

«Мустақил Суд ҳокимиятини яратиш, Тергов қўмитасини ташкил қилиш ва Жазони ижро этиш муассасаларини Адлия вазирлигига ўтказишдек муҳим ўзгаришларни амалга ошириш учун авваламбор сайловчилар ишончига эришиш керак», — деди Алишер Қодиров.

«Кўриниб турибдики, бу мавзуларга қарашларда адолатчилар билан ўхшашликлар бор. Буни ҳеч ёмон томони йўқ, — дея таъкидлади у. — Бу мавзулар «Миллий тикланиш»нинг ўтган парламент сайловларидаги дастурида ҳам бўлгани уни кўчириб олинганлиги ҳақидаги гапларнинг нотўғри эканлигини тушуниш учун етарли».

«Қолаверса, биз устувор вазифа сифатида белгилаган тарбия ва таълим соҳасидаги таклифларимиз „Адолат“ номзодининг дастурида такрорланганини кўчириш эмас, ҳамфикрлик деб қабул қиламиз», — дея қўшимча қилди партия етакчиси.

«Мен бу ҳамфикрликни имконият сифатида баҳолайман. Агар, „Адолат“ номзоди ушбу ташаббусларнинг амалга ошишидан манфаатдор бўлса, Президентлик сайловида партияларимизнинг битта номзод кўрсатиши масаласини муҳокама қилишга тайёрман», — таклиф қилди Алишер Қодиров.

«Халқимиз биздан ғояларнинг муаллифини аниқлаш эмас, Ўзбекистонни ўзгартиришни талаб қилмоқда», — дея ўз фикрига хулоса ясади.

Сентябр бошида «Адолат» партияси ўз сайловолди дастурини тақдим этган Алишер Қодировни ғояларни «Адолат»нинг 2019 йилги сайловолди дастуридан кўчирганликда айблаган эди.

Адолат ўз баёнотида «Миллий тикланиш» дастурига нисбатан учта раддия келтириб ўтган эди:

  1. Жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларни бирлаштириш. «Хўш, ҳурматли „Миллий тикланиш“ лидери ҳозирда вилоят миқёсида ҳар тўрттала суднинг бирлаштирилгани, айни пайтда, судларни туманлар кесимида бирлаштириш жараёни кетаётганини билармикин?», — дейилади баёнотда.
  2. Жазони ижро этиш муассасаларини Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказиш. ««Адолат» СДП 2019 йил сайловолди дастурида бу масалани устувор вазифалардан бири сифатида ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва бу борада «МТ»дан кўмак олиш ниятида эмас», — дейилади баёнотда.
  3. Мустақил тергов қўмитасини тузиш. Ягона тергов органини тузиш «Адолат» СДПнинг амалдаги сайловолди дастурида кўзда тутилган ва у «бу ташаббусни «МТ»га ҳадя қилган ёки бу борада қатъий позициясидан чекинган эмас», — маълум қилди «Адолат».

Таъкидланишича, кўп партиявийлик тизимида ҳар бир сиёсий партия ўз сўзига эга бўлиши жуда муҳим. «Чунки жамиятда, омма онгида қарашлар турлича бўлиб, халқ шунга ҳамоҳанг равишда ўз сиёсий диди, мақсад-муддаолари акс этган сиёсий кучни қўллаб қувватлайди, ортидан эргашади. Шак-шубҳа йўқки, барчамизнинг мақсадимиз бир — Ватан ободлиги, юрт тинчлиги, эркин ва фаровон ҳаёт. Аммо ана шу мақсадга эришиш учун ҳар биримиз ўзимизга хос йўлни танлаганмиз. Табиийки, йўлини тополмай адашиб юрганлар ҳам бор. Уларга кўмаклашишни бурчимиз, деб биламиз», — дейди «Адолат» СДП.

Бундан ташқари, «Адолат» партиясининг қурултойи якунида Баҳром Абдухалимов «Газета.uz» мухбири саволларига жавоб бера туриб, Миллий тикланиш партияси билан можароларга изоҳ берган эди. Баҳром Абдухалимов партия «мақоласида ёзган фактлардан орқага қайтмаслигини» айтиб, Алишер Қодировни кўчирмакашликда айблаётганини яна бир бор тасдиқлади. «Дебатни Алишер Қодиров билан ҳам кутиш мумкин», — деган эди ўшанда Абдухалимов.