10 сентябрь куни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан экстремистик ғояларни тарғиб қилишда гумон қилинган 29 нафар аёл қўлга олинди, дея хабар бермоқда ИИВ ахборот хизмати.

Қўлга олинган шахслар Жиноят Кодексининг 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244−2-моддалари (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ҳозирда қидирувда бўлган «Ҳизб-ут Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзолари — Л. Умарова (1970 й.т.) ва М. Сайдаминова (1974 й.т.) билан интернет тармоғи ва турли ижтимоий мессенжерлар орқали алоқа қилган.

Хабарда қайд этилишча, мазкур шахслар кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва ташкилот сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келган Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Учтепа, Олмазор, Сирғали ва Яккасарой туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент ва Қибрай туманларида яшовчи 29 нафар «Ҳизб-ут Таҳрир» экстремистик ташкилотининг «Аёллар қаноти» жамоаси аъзолари ҳисобланишган.

«Мазкур аёлларнинг яшаш манзилларида ва уяли алоқа воситаларида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди. Ҳозирда ушбу аёлларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва уларни жавобгарликка тортиш мақсадида тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.