10 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси аъзолари, спортчиларнинг ота -оналари ва мураббийлари билан учрашди. «Газета.uz» муҳбири хабар беришига кўра, учрашувда давлат раҳбари Токиода бўлиб ўтган ёзги Паралимпия ўйинларида терма жамоанинг чиқишлари якунлари бўйича сўз юритди ва паралимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича кейинги чора -тадбирлар ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Паралимпия ўйиларида 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритди. Уларда 19 та медалнинг 11 таси спортчи қизлар томонидан қўлга киритилганини давлат раҳбари «тарихимизда мисли кўрилмаган воқеа» деб атади.

Ўзбекистон терма жамоаси 160 дан зиёд давлатлар ўртасида -16, Осиё қитъасида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида- 4, Марказий Осиёда эса — 1 ўринни эгаллади.

Шавкат Мирзиёев паратлетчилар ва уларнинг устозлари — Алфия Иброҳимова, Бобур Қўзиев, Сардор Абдухолиқов, Азизжон Норматов, Шамсиддин Саидов, Мавлонбек Ҳайдаров ва Григорий Камулга ҳамда спортчиларнинг ота -оналарига миннатдорлик билдирди.

«Мен ушбу тақдирлаш маросимига устозларингиз билан бирга ота-онангизни ҳам чақирдим. Биласизми, ота-она учун энг катта бахт — боласининг камолини кўриш. Ўзингиз ҳам ота-она бўлганингизда яхшироқ тушунасиз. Мен сиздек фарзандларни тарбиялаганлари учун уларга таъзимдаман ва миннатдорман», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги оғир пандемия шароитида бундай катта ютуқларга эришиш осон бўлмади.

«Мусобақанинг дастлабки кунларида Токио шаҳрида 25 нафар спортчимизга нисбатан қаттиқ карантин талаблари қўллангани ҳам, жиддий муаммолар туғдирди.Ўз йўналишларида ғолибликка асосий даъвогар ҳисобланган Лобар Хуррамова, Севинч Салаева, Васила Алибоева сингари дзюдочи қизларимиз шундай сабаблар туфайли, баҳсларда иштирок эта олмадилар», — деди у.

Шавкат Мирзиёев мусобақада қатнашиб, совриндор бўлолмаган спортчиларга ҳам далда берди.

«Ғолиб бўлмасангиз ҳам ушбу мусобақада матонат билан қатнашганингиз учун раҳмат айтаман. Бугун бўлмаса, Парижда албатта бўлади!», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев енгил атлетикачи қизлар — Нозимахон Қаюмова, Моҳигул Ҳамдамова, София Бурҳонова ҳамда рақибалари орасида энг ёш бўлган таэквондочи Гулжоной Наимовага алоҳида ташаккур айтди.

«Гулжанойнинг мусобақасини ташвиш ва ҳаяжонда телевизорни ўчириб-ёқиб кўрдим. Бу жуда катта ғалаба бўлди», — деди у.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Паралимпиада ғолиблари ва совриндорларига пул мукофотлари, машиналар ва Тошкентда квартиралар топширилади. Олтин медаль соҳибларига президент номидан пойтахтдан Tahoe автомашиналари ва уч хонали квартиралар топширилди. Вице-чемпионларга Traverse автомобиллари ва икки хонали квартиралар, бронза медаль соҳибларига Trailblazer автомашиналари ва бир хонали квартираларнинг калитлари топширилди. Медаль олган спортчиларга олтин медаль учун 200 минг доллар, «кумуш» ва «бронза» учун мос равишда 100 минг ва 50 минг доллар мукофот пули ҳам бор.


Президентнинг таъкидлашича, Парижда 2024 йилда бўлиб ўтадиган Паралимпиадага бугундан бошлаб тизимли тайёргарлик кўришни бошлаш ва стол тенниси, қиличбозлик, камондан отиш, велоспорт, от спорти ва бадминтон бўйича лицензияларни қўлга киритиш керак.

«Бўлғуси Паралимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўриш учун, хорижий мамлакатлардан энг тажрибали мутахассис ва мураббийларни жалб қиламиз. Шу билан бирга, жойларда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз ўртасида, пара-лимпия ҳаракатини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур», — дея қайд этди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, пара-спорт турлари бўйича иқтидорли атлетларни саралаш ва уларнинг захирасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган. Спорт таълими масканларида тегишли ўқитиш дастурлари ва методикасини жорий қилиш билан бирга, уларда паралимпия бўлимларини ташкил этиб, қўшимча квоталар ажратиш режалаштирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев икки ой муддатда спорт мактабларида жисмоний имконияти чекланган болалар учун махсус гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш вазифасини қўйди. Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси билан ҳамкорликда, жойларда селекция ишларини тизимли йўлга қўйиш вазифаси ҳам белгиланди.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, Миллий паралимпия қўмитаси қошида паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, республикада қишки спорт турларини ҳам ривожлантириш мақсадида, паралимпия қишки спорт турлари бўйича келгуси йилларда халқаро мусобақаларда спортчиларимизнинг иштирокини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун «Амирсой» тоғ-чанғи спорт мажмуаси ҳамда «Ҳумо-Арена» муз саройи базаларида пара-лимпиячилар учун шароит яратиш вазифаси белгиланди.

Шавкат Мирзиёев Миллий паралимпия қўмитасининг пара-спорт бўйича юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни кенг жалб этган ҳолда, Қўмита таркибида «Матонат мактаби»ни ташкил этиш таклифини билдирди.

«Ўзининг юксак иродаси ва матонатини намойиш этиб келаётган сизлар каби ёшларимиз бу мактабнинг етакчи вакиллари сифатида фаолият олиб борсалар,айни муддао бўларди», — деди президент.

Давлат раҳбари паратлетлардан таълим масканларида, меҳнат жамоаларида, айниқса, маҳаллаларда ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётлари, машаққатли йўллари, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётгани ҳақида сўзлаб беришини сўради.

«Улар албатта, сизларга эргашади. Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам менинг болаларим. Уларга мен жавобгарман», — деди Шавкат Мирзиёев.