Статистика: вакцинация бошланганидан бери эмланганларнинг қанчаси коронавирусга чалинди?

Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда COVID-19га қарши эмланганлар тўғрисидаги статистик маълумотларни тақдим қилди. Унинг сўзларига кўра, оммавий вакцинациялаш бошланганидан бери (1 апрелдан) жами коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг бор-йўғи 285 таси ёки тахминан 0,3 фоизи эмланганлар ҳиссасига тўғри келади.

Январь-августь ойларида хориждан Ўзбекистонга $4,9 млрд пул ўтказмалари амалга оширилган

Марказий банк маълумотларига кўра, саккиз ой давомида хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 4,9 млрд долларни ташкил қилган. Бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга кўпроқ.

Талабаларга тадбиркорлар томонидан турар жойлар қурилади

Ҳукумат қарори билан талабалар учун давлат-хусусий шериклик асосида турар жойлар қурилади. Бунинг учун вилоят ҳокимлари томонидан 0,5 гектаргача ер жойлардан ажратилади. Республика бўйлаб жами 228 та талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этилади.

Мухолифат бўлишидан Ўзбекистон жамияти манфаатдор — Содиқ Сафоев

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мухолифат жамият барқарор ривожланишининг асосий факторларидан бири эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бугун Ўзбекистоннинг жамияти мухолифат бўлишидан манфаатдор. Сенатор мухолифат табиий тузилиши кераклигини айтиб, «ҳокимият берилмайди, ҳокимият учун курашиш керак» деган ақидани эслади. У ОАВларини ҳозирги кунда ниҳоятда муҳим мухолифат деб билишини қайд этди.

Латвия янги элчиси Рейнис Трокш ўз фаолиятини бошлади

ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов яна бир бор тайинланган Латвия элчиси Рейнис Трокшни қабул қилди.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси раҳбари Тошкентга келади

БМТ Бош котиби ўринбосари, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи котиби Геда Вали ноябрда Ўзбекистонга ташриф буюради. Тошкентда бўлиб ўтадиган учрашувда 2022−2025 йилларга мўлжалланган янги минтақавий дастурининг имзоланиши кутилмоқда.

Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаблар Президент соврини билан мукофотланади

Ҳар йили инглиз, немис, француз тиллари (хорижий тиллар) ўқитиладиган мактаблар ўртасида хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танлови ўтказилади. Республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган мактабга 500 млн сўм мукофот берилади.

ОТМларда гуруҳ мураббийи лавозими бекор қилинди

Ҳукумат қарори билан ОТМларда талабалар билан ишлаш бўйича «гуруҳ мураббийи» институти бекор қилинди. 1−3-курс талабалари учун муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам кўрсатувчи тьюторларни бириктириш амалиёти йўлга қўйилди.

Мактабларда фан олимпиадаларини ўтказиш қоидалари янгиланди

Мактаб ва академик лицейлар ўқувчилари ўртасидаги фан олимпиадаларининг учинчи ва тўртинчи босқичлари ғолибларига пул мукофоти берилади. 4-босқич ғолибларига ихтисослик фани бўйича давлат ОТМларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва 3 йил давомида амал қилувчи электрон сертификатлар тақдим этилади.

Президент паралампиячиларни табриклаб, ўйинлардаги қийинчиликлар ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев паралимпиячилар билан учрашди ва Ўзбекистон терма жамоасининг Паралимпиада якунлари бўйича сўз юритди. «Мусобақанинг дастлабки кунларида 25 нафар спортчимизга нисбатан қаттиқ карантин талаблари қўллангани ҳам, жиддий муаммолар туғдирди», — деди у. Президент, шунингдек, паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш чораларини эълон қилди.

Roodell Ўзбекистонда Renault автомобиллари сотувини бошлашга тайёрланмоқда

Roodell Ўзбекистонда сотиладиган Renault автомобиллари тақдимотини ўтказди. Биринчи босқичда учта модел — икки кроссовер ва бир йўлтанламаснинг сотувга чиқиши кутилмоқда.

Экстремистик ғояларни тарғиб қилишда гумонланаётган 29 нафар аёл қўлга олинди

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қидирувдаги икки аёл билан мулоқотда бўлиб, уларнинг кўрсатмалари бўйича «Ҳизб-ут Таҳрир» экстремистик ташкилоти ғояларини тарғиб қилишда гумонланаётган 29 нафар аёл қўлга олинди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Мураббийнинг олий мақсади — шогирдининг Олимпиадада чемпион бўлиши» — оғир атлетикачи Акбар Жўраевнинг устози

Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Баҳром Мендибаев «Газета.uz»га берган интервьюсида мураббийлик фаолияти, спортчиларни танлашда нималарга эътибор берилиши ва Олимпиада чемпиони Акбар Жўраев ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.