7 сентябрь куни «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди, деб хабар берди Huquqiy axborot Telegram-канали.

Қарор билан Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида 2021 йил 10 июнь куни Ўзбекистон ҳамда Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида имзоланган Тожикистон-Ўзбекистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги Битим тасдиқланди.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси мазкур халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.

Norma қайд этишига кўра, Тожикистон-Ўзбекистон инвестиция компанияси бошланғич устав капитали 12 млн доллар бўлган ва босқичма-босқич 50 млнгача етказилиши режалаштирилаётган МЧЖ кўринишида ташкил этилади.

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг устав капиталини шакллантиришдаги улуши 75%, «Таджинвест» давлат унитар корхонасининг улуши 25 фоизни ташкил этмоқда.

Инвестицион компаниянинг мақсади Тожикистон ҳудудидаги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш ҳисобланади. Унинг фаолиятининг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • мавжуд ва қайтадан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталидаги акцияларни сотиб олиш, қарз ажратиш, қимматли қоғозлар чиқариш йўли билан инвестиция киритиш;
  • Тожикистон ва хорижий инвесторларга хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталидаги инвестиция компаниясининг улушларини амалга ошириш;
  • халқаро инвестиция ва молия институтлари (компаниялари) билан, жумладан, Тожикистонда, улар билан иинвестиция алоқаларини мувофиқлаштириш, шунингдек қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳамроҳлик қилиш ва кўмаклашиш;
  • инвестиция компанияси иштирокчилари рўйхатини кенгайтириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни излаш ва жалб қилиш;
  • Тожикистон тижорат банкларига тижорат асосида маблағ ажратиш.