Шавкат Мирзиёев транспорт йўналишида олдинда иккита энг муҳим вазифа турганлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Авваламбор, Тошкент ва йирик шаҳарлар ўртасида кунлик қатновлар бўйича узоғи билан 6−7 соатда манзилга етиб бориш ва қайтиб келиш имконияти ярат́илади», — деди президент.

Давлат раҳбари темир йўлларини электрлаштириш даражаси амалдаги 40 фоиздан 60 фоизга оширилишини таъкидлади.

«Тошкент — Урганч йўналиши бўйича тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Шу билан бирга, юк ташиш харажатларини камида 30 фоизга пасайтиришимиз, транзит ҳажмини 15 миллион тоннага етказишимиз шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 24 июль куни Ўзбекистонга Испаниянинг Билбао шаҳридан жўнатилган «Афросиёб» поезди Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида вагонлари йиғилиб, яхлит ҳолатга келтирилганидан сўнг, темир йўл орқали олиб келинди.