Эрон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) қўшилади. ШҲТга қўшилиш жараёнларининг бошланиши Тожикистонда бўлажак саммитда эълон қилинади, деб РИА Новости «Коммерсантъ»га таяниб хабар бермоқда.

ШҲТ саммити 16−17 сентябрь кунлари Душанбеда бўлиб ўтади. Тадбирда Эроннинг янги президенти Иброҳим Раиси иштирок этиши кутилмоқда.

«Тез орада ташкилотнинг тўққиз аъзоси бўлади. Душанбеда бўладиган саммитда давлат раҳбарлари ўз сафларига Эронни қабул қилишни бошлашганини эълон қилишлари керак», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ШҲТга аъзо бўлиш жараёни бироз кўпроқ вақтни олиши мумкин.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти — Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан асос солинган доимий ҳукуматлараро халқаро ташкилот. ШҲТни тузиш тўғрисидаги декларация 2001 йил 15 июнда Шанхайда олти давлат раҳбарларининг учрашувида имзоланган.