Айни вақтда бўлиб ўтаётган ЎзЛиДеПнинг навбатдаги съездида Шавкат Мирзиёев ўтган беш йилда амалга оширилган ишлар юзасидан нутқ сўзламоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Давлат раҳбари сўзи аввалида ЎзЛиДеП делегатларига унинг номзодини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

«Ўзбекистон Либерал-демократик партияси съездининг Сиз, ҳурматли делегатлари ва фаоллари менга юксак ишонч билдириб, Ўзбекистон президенти лавозимига номзодимни кўрсатганингизни беҳад қадрлайман. Бу мен учун юксак шараф ва айни пайтда улкан масъулият эканини юрак-юракдан ҳис этмоқдаман», — деди у.

Шундан сўнг, ўтган президент сайлови дастурида эълон қилинган дастурлар ижросига тўхталиб ўтди.

«Бундан беш йил олдин, мен партиямиз минбаридан ўз сайловолди дастуримни эълон қилган эдим. Ушбу дастурда давлат ва жамиятимизни янада ислоҳ қилиш, фуқароларимизнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш ва орзу-умидларини рўёбга чиқаришни олий мақсад этиб белгилаган эдик. Беш йил мобайнида аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва унинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида нималарга эришдик? Қандай марраларни эгалладик? Камчиликлар нималардан иборат бўлди?», — деди Шавкат Мирзиёев.

«2017−2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд президент фармони ва қарори қабул қилинди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қисқа даврда мамлакатда янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳалла қолмаган.

«Шу борада бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтишни истардим: бугунги кунда давлатимиз инсон учун, халқ учун очилди. Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича, мутлақо янги тизим яратдик. Давлат ташкилотлари иш фаолиятида «маҳаллага тушиш», «халқ ичига кириш, унинг «дардига қулоқ солиш», «ташвишига шерик бўлиш» ва «муаммоларни жойида ҳал этиш» тамойиллари, асосий мезонга айланди», — деди у.

Қолаверса, у ўзининг амалдаги вазифаси давомида эришилган иқтисодий кўрсаткичларга ҳам тўхталди.

«Сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 24 фоизга, саноат — 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса, 3 баробарга ўсгани, биз қўлга киритган юқори натижалардан далолат беради. Шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайди», — деди президентликка номзод.

У сўзи давомида одамлар исҳолотни амалда сезиши кераклигига эътибор қаратди.

«Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур. Бу — ҳаётий ҳақиқат. Барча орзу-ниятларимиз, машаққатли меҳнатимиз, кечани — кеча, кундузни — кундуз демасдан амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз — ҳамма-ҳаммаси, бизга катта умид ва ишонч билан қараб турган халқимиз учундир», — деди у.

Давлат раҳбари ушбу йўналишдаги эзгу ишлар давом этиши, ижтимоий адолат тамойили асосидаги барқарор ривожланиш дастури ишлаб чиқилгани ва мазкур соҳадаги фаолият давлат сиёсати даражасига кўтарилганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, «Ўзбекистон тарихида ижтимоий соҳа бўйича бундай кенг кўламли ишлар илгари ҳеч қачон бўлмаган».

«Юртимизда яшаётган оилалар ҳаётини шу нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган даврда қандай катта натижаларга эришганимиз аён бўлади. Мисол учун, ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги ҳар 100 та оилага 162 та телевизор, 107 та холодильник, 287 та мобиль телефон, 49 та енгил автомобиль тўғри келмоқда. Бошқача айтганда, мамлакатимиздаги оилаларнинг қарийб ярми, ўзининг шахсий автомобилига эга» — деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакатда ипотека дастурлари доирасида, 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни олдинги йилларга солиштирганда, 11 мартадан ҳам кўп демак.