Айни вақтда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури бўйича маъруза қилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Мавжуд захира ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдимизда турибди. Шу тариқа 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, „даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар“ қаторига киришга пухта замин яратган бўламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

У ушбу вазифа осон эмаслигини таъкидлади. Қўшимча қилинишича, бунга эришиш учун, «иқтисодиётда илм ва инновацияларга асосланган ривожланиш ҳисобидан янги технологиялар ва қўшилган қиймат занжирларини кўпайтириш орқали меҳнат самарадорлигида туб ўзгаришлар қилиш шарт».

Шунингдек, президент 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилишини айтиб ўтди. Маълум қилинишича, давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.

«Бевосита аҳолининг талаблари асосида йилига 1,5 — 2 трлн сўм маблағ жойлардаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга сарфланади. Янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 млрд доллардан, умумий давлат қарзи эса ялпи ички маҳсулотнинг 50−60 фоизидан ошмаслиги таъминланади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси беш йилда 120 млрд доллар, шундан камида 70 млрд доллар хорижий инвестициялар жалб қилиниши таъкидланди.

Қўшимча қилинишича, мамлакатнинг экспорт салоҳияти 1,7 баробар оширилиб, 2026 йилда 30 млрд долларга етказилади.

«Экспорт таркибида хомашёнинг улуши ҳозирги 46 фоиздан 23 фоизга камайиб, тайёр маҳсулотлар ҳажми 2,5 баробар кўпаяди», — деди президент.

Олдинроқ, Ўзбекистон ҳукумати аҳоли жон бошига ЯИМни ҳозирги пайтдаги 1700 доллардан 2025 йилгача 2500 долларга ва 2030 йилгача бўлган муддат ичида 4200 долларга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлиги ҳақида хабар берилган эди.