Бангладешда бир гуруҳ тадқиқотчилар ва IPA (Қашшоқликка қарши кураш учун инновациялар) ташкилоти Бангладеш ҳукумати вакиллари ва маҳаллий ННТ билан ҳамкорликда ниқоб тақиш даражасини ошириш ҳамда жамоавий ниқоб тақишнинг SARS-CoV-2 билан зарарланиш даражасига таъсирини баҳолаш юзасидан ўзига хос тадқиқот ўтказдилар. «Газета.uz» IPA маълумотларига таянган ҳолда, тадқиқотнинг қисқача мазмуни ва натижаларини тақдим этади.

Ташкилотнинг таъкидлашича, илмий далиллар ҳимоя ниқоблари COVID-19 дан ҳимоя қилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шунга қарамай, ниқобдан тўғри тартибда ва мунтазам фойдаланилмайдиган ҳаёт тарзида ниқоб тақишнинг COVID-19 хавфини камайтиришдаги самараси қай даражада эканлиги хусусида аниқ далиллар етарли эмас.

Тадқиқот учун 300 та тарғибот қишлоғи ва таққослаш учун 300 та қишлоқлар танланиб, улар бир-бирига жуфтлаштирилди. Тарғибот ва таққослаш қишлоқлари жуфтлиги бир хил упазилада (Бангладешдаги маъмурий-ҳудудий бўлиниш, мамлакат 492 та упазилага бўлинган) жойлашган бўлиб, COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари, аҳоли сони ва зичлиги жиҳатидан ўзаро ўхшаш.

Ниқоб тарқатиш ва тарғибот («NORM модели»)

300 та тарғибот қишлоқларида амалга оширилган тарғиботлар тўртта элементни ўз ичига олган:

  • Бепул ниқоблар тарқатиш (хонадонларда, бозорларда, масжидларда ва бошқа жамоат жойларида);
  • Ниқоб тақиш тўғрисида маълумот бериш (жамиятнинг нуфузли шахслари иштирокидаги қисқа видеороликлар, ЖССТ материаллари асосида ишланган брошюралар);
  • Шахсан ва оммавий мажбурлаш (ниқобсиз шахсларни ниқоб тақишга даъват қилиш, жамоат жойларида микрофон ёрдамида эълонлар бериш);
  • Ишончли етакчилар томонидан чорлаш (жума намозларида имомлар томонидан ниқоб тақишнинг аҳамияти хусусида маъруза қилиниши).


Шу билан бир вақтда, ушбу моделдан бошқа стратегиялар қўшимча таъсир кўрсатиши мумкин ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида тарғибот қишлоқларидаги уй хўжаликларига турли шаклдаги рағбатлантиришлар ва хулқ-атворга таъсир этиш воситалари қўлланган. Жумладан, моддий ва номоддий рағбатлантиришлар, оммавий мажбурият юклаш, эслатма хабарлар юбориш ва бошқалар.

Таққослаш учун танланган қишлоқларда эса ниқобдан фойдаланиш одатий тарзда давом этган.

Натижалар

Тарғиботлар ҳар 100 тадан 29 та одамни ниқоб тақишга ундади, ижтимоий масофаланиш даражасини оширди, шунингдек, симптоматик SARS-CoV-2 инфекцияси билан зарарланганлар сони 9 фоизга камайди. Айниқса жарроҳлик ниқоблари симптоматик SARS-CoV-2 инфекцияси билан зарарланишни камайтиришда самарали бўлиб, 60 ёшдан юқори тоифада симптоматик инфекция хавфини 35 фоизга қисқартирди.

Тарғибот қишлоқларида ниқобдан фойдаланиш даражаси 29 фоиз бандга ошди (таққослаш қишлоқларида — 13 фоиз, тарғибот қишлоқларида — 42 фоиз). Айниқса масжидларда ниқобдан фойдаланиш даражаси ошди (37 фоиз бандга).

Ниқоб тақиш ёлғон хавфсизлик ҳиссини уйғотиши ва ижтимоий масофаланмаслик каби хатарли хатти-ҳаракатларга ундаши мумкинлиги тўғрисидаги фаразларга қарамай, тарғибот қишлоқларида ижтимоий масофаланиш даражаси ошди. Ижтимоий масофаланиш даражаси ўртача 5 фоиз бандга ўсгани ҳолда, қишлоқдаги айрим ҳудудлар кесимида фарқлар кузатилган. Масалан, бозорларда одамлар масофаланишга нисбатан кўпроқ мойил бўлсалар, масжидларда бу борада ўзгариш кузатилмади.

Тарғиботлар COVID-19 (симптоматик SARS-CoV-2 инфекциялари) ва COVIDга ўхшаш симптомларни камайтирдган. Ўртача ҳисобда, симптоматик SARS-CoV-2 инфекциялари 9 фоизга, хусусан, жарроҳлик ниқобидан фойдаланилган ҳолатда янада юқорироқ — 11 фоизга, 60 ёшдан юқори кишилар орасида эса 35 фоизга камайганлиги кузатилди.

Рағбатлантиришлар ва хулқ-атворга таъсир воситалари уй хўжалиги ёки жамият миқёсида ниқоб тақиш ёки ижтимоий масофаланиш даражасининг ҳеч қандай қўшимча равишда ўсишига сабаб бўлмади.

Мазкур тадқиқотдан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин.

Биринчидан, жамият миқёсида ниқоб тақиш COVID-19 ҳолатларини камайтириши мумкин. Жарроҳлик ниқоблари қўлланилган ҳолатда самара нисбатан юқорироқ бўлади.

Иккинчидан, тўртта асосий тарғибот элементларини биргаликда қўллаш («NORM модели» — No-cost mask distribution, Offering information, Reinforcement to wear masks, and Modeling by local leaders) орқали жамият миқёсида ниқоб тақиш даражасини ошириш мумкин.

Тўлиқ тадқиқотни қуйидаги ҳаволада ўқиш мумкин.