ЎзЛиДеП съездида иштирок этаётган президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида туман ва шаҳар ҳокимларини сайлашнинг янги тартибини таклиф этди.

«Миллий тараққиётимизнинг бугунги янги босқичида ихчам, профессионал, халқимиз талабларига жавоб берадиган, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, муҳим вазифа бўлиб турибди», — деди амалдаги давлат раҳбари.

Маҳалла жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айланиши учун маҳалла тизимининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилади, уни молиялаштириш манбалари ва тартиби такомиллаштирилади. Бундан ташқари, маҳаллада фуқаролар учун давлат ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, давлат органларига маҳалладан туриб мурожаат қилиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, туман, шаҳар, вилоят вакиллик ва ижро ҳокимияти тизими қайта кўриб чиқилиши ҳам маълум қилинди.

Келгусида, туман ва шаҳар кенгашларида камида 2−3 нафар депутат доимий асосда ишлайдиган тартиб жорий этилади. Улар муаммоларни маҳаллабай ўрганиб, ечимини Кенгаш муҳокамасига киритади.

«Туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод туман кенгашида энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилади. Бунда, номзод ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини халқ вакиллари олдида ҳимоя қила олган тақдирда, ҳоким лавозимига тасдиқланади. Келажакда барибир ҳокимлар сайланади, шу тизимга келамиз», — деди ЎзЛиДеП номзоди.

Июнь ойида Шавкат Мирзиёев вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларини халқ сайлашига тўхталган эди.

«Барибир вилоят, туман, шаҳар ҳокимларини халқ сайлайди, қандай оғир бўлмасин шу кунга келамиз. Халқ жойлардаги ҳокимият вакилларидан ҳисобот талаб қилса, вазият ўзгаради, — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Март ойида президент Тошкент вилоятида бўлиб ўтган халқ депутатлари кенгаши йиғилишида ҳам ушбу масалага тўхталган эди. «Ҳокимлар ҳам сайлансин, деган гаплар ҳам жуда кўп айтилаяпти. Буни мен ўзим ҳам айтганман. Лекин бир савол бор: ҳокимларни сайлашга биз ҳозир тайёрмизми? Биз битта маҳалла раисини ҳам адолатли сайлай олмаймиз-ку. Мен буни хоҳламайманми? Жуда ҳам хоҳлайман, мен ҳам буни яхши тушунаман. Лекин кимни сайлаймиз?», — дея таъкидлаган эди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ҳокимларни лавозимга сайлашни биринчи бор 2016 йилнинг декабрида таклиф этган эди. 2017 йилнинг августида у ҳозироқ ҳокимларни халқ сайлаши тизимини жорий этишга тайёрлигини билдирган эди.

2020 йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари яна бир бор, «Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз», дея таъкидлаган эди.

Ҳозирда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқлангандан кейин президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Шу билан бирга, номзодни давлат раҳбари тавсия этади.

Депутат Расул Кушербаев халқ ҳокимларни сайлашга тайёр эмаслиги ҳақидаги фикрга кўшилмаслигини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, «рухсат бераётганларнинг ўзи тайёр эмас». «Уларда қўрқув бўлиши мумкин. Қайси маънода, улар хоҳлаган одамни, одамлар сайламаслиги мумкин», — деди у.