Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида келгуси 5 йилда ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланишини айтиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади.

Мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага ошади ва 8 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга асос яратилиши таъкидланди.

Табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга ошириш орқали кимё саноатида 2 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши айтилди.

Шунингдек, рақамли иқтисодиётнинг ҳажми камида 2,5 баробарга оширилиб, 4 млрд долларга етказилади.

Бундан ташқари ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланади, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва интернет билан қамраб олинади.

Халқаро магистрал интернет тезлиги — 5 баробарга, туманлараро тармоқлар тезлиги — 8 баробарга оширилиши қайд этилди.