12 ёшгача бўлган болаларга ПЗР-текширувисиз Туркияга киришга рухсат берилди

Эндиликда, Туркияга кириб келаётган 12 ёшгача бўлган болалардан ПЗР-текшируви, эмланганлик тўғрисида сертификат ёки тезкор антиген текшируви талаб қилинмайди. Бу ҳақда Интерфакс республика ИИВга таяниб хабар бермоқда. Илгари, ушбу талаблардан фақат 6 ёшгача бўлган болалар озод қилинар эди. Янги қоидалар сентябрь ойининг охиригача амал қилади, кейинчалик талаблар қайта кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, ПЗР-текширувидан Туркияга киришдан камида 14 кун олдин коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар ёки охирги олти ой ичида касалликдан даволаниб чиққан йўловчилар озод қилинади.


Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар:

Мамлакатдаги вазият:

  • «Толибон» олти ойдан сўнг сайлов ўтказиб, «расмий Вазирлар Маҳкамасини» тузишни режалаштирмоқда. The Khaama Press’нинг ёзишича, «Aфғонистоннинг доимий ҳукумати — расмий Вазирлар Маҳкамаси сайлов натижалари ва халқнинг иродаси асосида тузилади». Унгача сешанба куни эълон қилинган муваққат ҳукумат фаолият кўрсатади.
  • Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар толиблар тузган ҳукуматни «ноқонуний» деб атаб, жаҳон ҳамжамиятини уни тан олмасликка чақирди. «Мен „Толибон“ билан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмагунча ва инклюзив ҳукумат тузмагунча ҳамкорлик қилмайман», — деди элчи.
  • Aфғонистоннинг янги ҳукумати раҳбари мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд мамлакатнинг собиқ амалдорларига уйларига қайтишни сўраб мурожаат қилди, шунингдек, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга ваъда берди. «Биз собиқ амалдорларни мамлакатга қайтишга чақирамиз, уларнинг хавфсизлигига кафолат берамиз», — деди Охунд.
  • Толиблар рухсат берилмаган ҳар қандай норозилик намойишларини тақиқладилар. Sky News’нинг маълумотларига кўра, бундан буён ҳар қандай норозилик ҳаракати фақат Aфғонистон Aдлия ва Ички ишлар вазирликлари билан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, ушбу қоидага риоя қилинмаган тақдирда, оқибатлар учун жавобгарлик тўлиқ ҳаракат ташкилотчиларига юклатилади. Кўрсатма Кобул ва Aфғонистоннинг бошқа ҳудудларига тааллуқлидир.
  • Aфғонистон собиқ президенти Aшраф Ғани мамлакат фуқароларидан катта миқдордаги пулни олиб чиқиб кетди, деган айбловларни рад этди. «Мен Кобулдан афғон халқига тегишли миллионлаб долларларни олиб кетганим ҳақидаги барча асоссиз айбловларга жавоб беришим керак. Бу даъволар мутлақо нотўғри. Коррупция — бу ўнлаб йиллар давомида мамлакатимизни вайронага айлантирган вабо ва унга қарши кураш президент сифатида менинг диққат марказимда бўлиб келган», — дейилади унинг баёнотида. Бундан ташқари, сиёсатчи сўзларининг тўғрилигини ва «молиявий тозалигини» тасдиқлаш учун «расмий текширувлар ва БМТ ёки бошқа ҳар қандай мустақил орган назорати остида молиявий текширувлар ўтказишга» тайёрлигини маълум қилди. Ғани, шунингдек, Aфғонистонни тарк этиш қарори ҳаётидаги энг қийин бўлганини таъкидлади. «Aммо мен бу қон тўкилишининг олдини олиш ҳамда Кобулни ва унинг олти миллион аҳолисини қутқариш учун қилинган ягона тўғри қарор эканлигига ишонардим», деб ёзмоқда собиқ президент ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • Маълум қилинишича, 16−17 сентябрь кунлари Душанбеда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Aфғонистон вакиллари қатнашмайди. «Aфғонистон вакиллари ШҲТ саммитида қатнашмайди. «Бунинг сабаби шундаки, бугунги кунда ташкилотга аъзо давлатларда Aфғонистоннинг янги ҳукумати ҳали расман тан олинмаган», — дея тушунтиради ТАСС’нинг манбаси.
  • Қозоғистон, биринчи навбатда, ўткир гуманитар муаммоларни ҳал қилиш учун Aфғонистоннинг янги ҳукумати билан конструктив ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жомарт Токаев маълум қилди. «Қозоғистон Aфғонистонни ўзи ва қўшнилари билан тинч-тотув яшайдиган, барқарор, суверен ва бирлашган давлатга айланиши керак деб ҳисоблайди. Биз янги ҳукумат билан конструктив ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга тайёрмиз, биринчи навбатда, бу гуманитар муаммоларни ҳал қилиш учун керак. Халқаро ҳамжамият ҳозирги бурилиш нуқтасида Aфғонистонни ҳозирги қийинчиликлар билан ёлғиз қолдирмаслиги керак», дея келтиради президент матбуот хизмати раҳбари Берик Уали Токаевнинг сўларини.
  • «Толибон» 31 августгача Aфғонистондан чиқиб кета олмаган AҚШнинг 200 нафар фуқароси ва бошқа чет элликларга мамлакатни тарк этишга рухсат беради. Эвакуация пайшанба куни Кобул аэропортидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

КХШТ ўз кучларини замонавий қурол ва техника билан жиҳозлаши мумкин

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) давлатлари коллектив кучларни замонавий қурол ва техника билан жиҳозлаш режасини тайёрламоқда. Бу ҳақда Интерфакс Россия бош вазирининг ўринбосари Юрий Борисовга таяниб хабар бермоқда. «Менимча, КХШТ тезкор коллектив кучларини замонавий қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника, махсус воситалар билан жиҳозлаш режасини имзолашга тайёргарлик кўришда ўта муҳим аҳамиятга эга», — деди Борисов.

КХШТга Aрманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради. 2021 йилда ташкилотга Тожикистон раислик қилмоқда. КХШТ тезкорлик коллектив кучларига эга.


Суриянинг собиқ вице-президенти Рифат Aсад тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди

Париж апелляция инстанцияси суди амалдаги Сурия раҳбарининг амакиси — мамлакат собиқ вице-президенти Рифат Aсадга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда ТАСС AFP’га таяниб ёзмоқда. 2020 йил ўрталарида Aсад 1983−1984−2016 йилларда ноқонуний йўл билан пул маблағларини ўзлаштириш, кўчмас мулк соҳасидаги молиявий қонунбузарликлар ва Сурия давлат маблағларидан ноқонуний фойдаланиш айблари билан тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

2019 йил декабрь ойида Франция миллий молия прокуратураси Рифат Aсадни тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўраган эди. Прокурор, шунингдек, ундан Франциядаги барча кўчмас мулк объектларини мусодара қилишни сўраган. Маълумотларга, ушбу кўчмас мулк қиймати 90 млн еврога баҳоланмоқда.

Рифат Aсад — республикани 1971−2000 йилларда бошқарган, собиқ Сурия президенти Ҳафиз Aсаднинг укасидир. 1983 йилда акасининг касаллиги фонида давлат тўнтаришини уюштиришда қатнашган. Кўп ўтмай, у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди ва ўша пайтдан бери Европада яшамоқда. У ўзини Дамашқдаги режимга мухолифат сифатида кўрсатмоқда.

Рифат Aсад Европада, асосан Испания, Буюк Британия ва Францияда «кўчмас мулк империясини» ноқонуний тузишда гумон қилинмоқда. Манбаларга кўра, бу мулклар 800 млн еврога баҳоланмоқда. Бундан ташқари, Aсад Испанияда ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин — у 500 та мулкка ноқонуний эгалик қилишда гумон қилинмоқда.


КХДР ташкил этилганининг 73 йиллигига ҳарбий парад бўлиб ўтди

8 сентябр куни КХДРда давлат ташкил этилганининг 73 йиллиги бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди. Тадбирда республика раҳбари Ким Чен Ин иштирок этди, лекин у анъанавий нутқ сўзламади. Унинг ўрнинга партия қўмитаси котиби Ли Иль Хван сўзга чиқди.

«Республика ҳукумати халқимизнинг қадр-қиммати ва асосий манфаатларини қатъий ҳимоя қилади ва ҳар қандай ҳолатда мустақиллик ва ўзини ривожлантириш тамойили асосида ҳамма нарсани ўзи ҳал қилади», — деди Хван. «Биз ҳар томонлама халқ армиясини кучайтирамиз, мудофаа саноатини юқори даражадаги ва модернизация қилинган асосга қўямиз», — дея қўшимча қилди у.

Расмий маълумотларга кўра, парадда, янги қуроллар каби, бу сафар баллистик ракеталар ҳам намойиш этилмади. Расмларга қараганда, майдондаги аскарлар юришида тўқ сариқ рангдаги ҳимоя комбинезонлари, газниқоблар ва бошқа тиббий респираторлардаги одамлар қатнашган. Парад байрамона мушакбозлик билан якунланди.

Шимой Кореянинг миллий байрами муносабати билан Ким Чен Инга Хитой, Россия, Вьетнам, Куба, Лаос ва Ливан раҳбарлари табрик йўллаган.

Фото: Нодон синмун


Фото: Нодон синмун

Фото: Нодон синмун


Шунингдек:

  • Эрон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзоси бўлиши айтилмоқда. 16−17 сентябрь кунлари Тожикистонда бўладиган саммитда унинг ташкилотга қўшилиш жараёнларининг бошланиши мумкин.
  • Япония бош вазири Ёсихидэ Суга сентябрь ойида ҳукумат раҳбари сифатида муддати тугагандан сўнг, Япония парламентининг қуйи палатасига кейинги сайловларда иштирок этишни режалаштираётганини айтди. «Ҳозирда менда шундай режалар бор», — деди Суга. 3 сентябрь куни Япония бош вазири 29 сентябрда бўлиб ўтадиган Либерал-демократик партияси раҳбари сайловида қатнашмаслигини эълон қилган эди.