Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг келгуси беш йилга мўлжалланган сайловолди дастурида ҳақида маълумот бера туриб, таълим тизимида қандай ислоҳотлар амалга оширилишига тўхталиб ўтди.

«Мактабгача таълимдаги қамров даражаси ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказилади. Бунинг учун охирги уч йилда очилган 14 мингта хусусий боғчага қўшимча равишда 7 мингдан зиёд янги боғча ташкил этилади. Шунингдек, 2024 йил якунига қадар 6 ёшли болалар мактабгача тайёрлов тизими билан тўлиқ қамраб олинади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ана шу тадбирлар ҳисобидан келгуси 5 йилда 45 мингдан ортиқ хотин-қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади.

«Боғча тизими ходимларининг ойлик маошлари ҳам босқичма-босқич ошириб борилади. Бундан кўзланган асосий мақсадимиз — етти ёшгача бўлган бирорта ҳам фарзандимиз, мактабга чиққунга қадар эътиборсиз ва билимсиз қолмаслиги керак», — деди давлат раҳбари.

Қолаверса, қишлоқларда мактаблар аҳволи қониқарли эмаслиги айтилди.

«Қишлоқлардаги мактаблар аҳволи, дарсликлар қандай эканини ўзим биламан. Шунинг учун барча саъй-ҳаракатларимизни мактаб таълимини ривожлантиришга йўналтирамиз. Агар мактаб мукаммал бўлса, ўқитувчи мен айтган 1000 доллар маошни олса, рози бўлса, ҳамма соҳа бўйича ривожланиш бўлади. Мен бунга ишонаман», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастури ишлаб чиқилади.

Мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, 2026 йилга қадар амалда жорий этилади.

Шу асосда, келгуси беш йилда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш учун мактаблар реконструкция қилинади ва янгидан барпо этилади.

Шавкат Мирзиёев олий таълимдаги ўзгаришлар ҳақида гапирар экан олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказилишини маълум қилди.

2026 йилга қадар камида 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтингларга киритилади.

«Давлат олийгоҳлари босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилайди. Уларнинг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида, ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 25 фоиздан 12 фоизга туширилади, бўшаган маблағлар таълим муассасаларини ривожлантиришга йўналтирилади», — деди у.

Хусусий олийгоҳларда таълим олаётган талабаларга ҳам, 7 йиллик таълим кредитини олиш тартиби жорий этилади.

Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун, келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилади.

Олий таълимда сифат ва рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида 2026 йилгача хусусий олийгоҳлар сони камида 50 тага етказилади.

«Замонавий, эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида „Эл-юрт умиди жамғармаси“ орқали, уларни нуфузли хорижий олийгоҳлардаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбориш кўлами 2 мартага оширилади», — деди президент.

Қайт этилишича, илмий кадрлар тайёрлаш ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади.

Докторантурага қабул давлат буюртмаси ҳамда манфаатдор ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўлов-грантлари асосида жорий этилади.

«Булардан кўзланган ягона мақсадимиз — таълимнинг барча босқичидаги муассасаларни — Учинчи Ренессанснинг 4 та узвий ҳалқасига, боғча тарбиячисини, мактаб муаллимини, профессор-ўқитувчилар ва илмий ижодий зиёлиларимизни эса Янги Уйғониш даврининг 4 та таянч устунига айлантиришдир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, жисмоний етук ва баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ҳар икки йилда ўтказиладиган умумреспублика спорт ўйинлари — Миллий олимпиада тизими йўлга қўйилади.

2024 йили Парижда бўладиган олимпия ва паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этиш учун, тегишли «йўл харитаси» қабул қилинади.