Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездида президент Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазият бўйича муносабат билдирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» муҳбири.

«Қўшни Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаймиз. „Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар“ темир йўлини қуриш ҳамда энергетика, савдо ва саноат соҳаларидаги стратегик ва муҳим лойиҳаларни ҳамкорликда, албатта амалга оширамиз», — деди у.

Шунингдек, давлат раҳбари Ўзбекистон БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятни кучайтиришини таъкидлади.

«Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш бўйича аниқ амалий қадамлар қўйилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрь куни «Толибон» Афғонистоннинг вақтинчалик ҳукумати таркибини эълон қилган эди.Ўзбекистон ушбу воқеани олқишлаб, янги давлат идоралари билан «конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини»билдирди. Ўз навбатида, «Толибон» вакили Анас Ҳаққоний толиблар Ўзбекистон ҳукуматининг ижобий муносабатини қадрлашини маълум қилди.

Май ойида Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон учун кузатувчи сифатида ЕОИИ билан ўзаро алоқаларнинг аниқ, сезиларли натижаларига эришишни таъминлаш муҳимлиги» ҳақида таъкидлаган эди.