ЖССТ ривожланган давлатларни пандемия давом этишида айблади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 вакциналарининг захираси пандемиянинг давом этишига ёрдам беришини айтди. «Бу [вакциналар захиралари] шунчаки адолатсиз эмас, ахлоқсиз ҳам эмас, балки бу пандемияни узайтирмоқда», — деди Мария Ван Керхов, ташкилотнинг шошилинч касалликлар бўлимининг техник гуруҳи раҳбари. БМТ маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи ўз аҳолисининг 57 фоизини тўлиқ эмлаган, Франция ва Буюк Британияда эса кўшимча (бустер) дозалардан фойдаланилмоқда. АҚШ аҳолисиниинг 53 фоизи тўлиқ вакцинациядан ўтган бўлиб, 1,3 млн кишига бустер дозалар қўлланилган, дея келтиради нашр. Шу билан бирга, Aфрика ўз аҳолисининг атиги 3 фоизини коронавирусга қарши тўлиқ эмлаган. — CNBC.

4 август куни ЖССТ сентябрь ойининг охиригача ҳар бир мамлакат аҳолисининг 10 фоизини эмлашни режалаштирган ҳолда, ривожланган давлатлардан ортиқча вакциналарни камбағал мамлакатларга тақдим этишни сўраган эди. Шунингдек, ташкилот декабрь ойида дунё аҳолисининг 40 фоизини эмлаш учун муддат белгилаб қўйган.


Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар

7 сентябрь куни «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг вақтинчалик ҳукумати таркибини эълон қилди. Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб Ҳасан Охунд, бош вазир ўринбосари лавозимига Aбдул Ғани Барадар тайинланди. Интерфакснинг маҳаллий ОАВга таяниб ёзишича, эълон қилинган ҳукуматда, икки асосий пуштун қабиласи — дуррани ва гилзаи вакиллари бор, бошқа миллат ва элат вакиллари йўқ.

Дунё ҳамжамияти бунга фикр билдирди:

  • Европа Иттифоқи янги Aфғонистон ҳукуматини на инклюзив, на диний ёки миллий нуқтаи назардан репрезентатив деб ҳисобламайди. Бу ҳақда ТАСС Европа ҳамжамияти ташқи сиёсат хизмати вакилининг баёнотига таяниб хабар бермоқда. «Эълон қилинган тайинлашлар таҳлили шуни кўрсатадики, бу биз кўрмоқчи бўлган Aфғонистоннинг бой этник ва диний хилма-хиллигини акс эттирувчи, шунингдек, „Толибон“ сўнгги ҳафталарда ташкил қилишга ваъда берган инклюзив ва репрезентатив тузилишга ўхшамайди», — дейилади баёнотда. 2−3 сентябрь кунлари Люблянада бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг норасмий йиғилишида иттифоқ мамлакатлари «инклюзив ва репрезентатив» ҳукумат ташкил этишни ўз ичига олган мезонларга асосланиб, Aфғонистоннинг янги ҳукуматини сиёсий тан олиш тўғрисида қарор қабул қилишган эди.
  • Италия ташқи ишлар вазири Луижи Ди Майо Aфғонистон муваққат ҳукуматини халқаро ҳамжамият учун ёмон сигнал деб атади. «Бу соатларда тузилаётган ҳукумат террорчилар рўйхатига киритилган бош вазир [Муҳаммад Ҳасан Охунд БМТ санкциялар рўйхатига киритилган], шунингдек, ФБР қидирувида бўлган ички ишлар вазиридан [Сирожуддин Ҳаққоний] иборатдир. Бу халқаро ҳамжамият учун жуда ёмон сигнал эканлиги аниқ ва равшан», — деди у.
  • Буюк Британия яқин келажакда «Толибон» ҳаракати томонидан тузилган Aфғонистоннинг вақтинчалик ҳукуматини тан олиш истагида эмас. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ТAСС’га хабар берди.
  • АҚШ «Толибон» ташкил қилган Aфғонистон муваққат ҳукуматида айрим шахсларнинг тайинланишидан хавотирда. Бу ҳақда ТAСС’га АҚШ Давлат департаменти матбуот хизматидан маълум қилишди. «Биз бу баёнотни кўрдик ва уни баҳолаяпмиз. Эълон қилинган рўйхат фақат „Толибон“ аъзолари ёки уларнинг яқин шерикларидан иборат бўлиб, аёллар йўқлигига эътибор қаратдик. Биз, шунингдек, уларнинг баъзиларининг алоқалари ва тажрибасидан хавотирдамиз», — деди вакил нашрга. Идоранинг таъкидлашича, Вашингтон гап вақтинчалик ҳукумат ҳақида кетаётганини тушунмоқда. «Бироқ биз «Толибон»га сўзлари билан эмас, ҳаракатлари билан баҳо берамиз. Биз афғон халқи инклюзив ҳукуматга лойиқ эканини аниқ кўрсатдик», — дейилади Давлат департаментида.
  • Хитой ҳукумати «Толибон» томонидан тузилган Aфғонистоннинг янги ҳукумати билан мулоқотга тайёр, дея маълум қилди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэньбинь. «Биз Aфғонистоннинг янги ҳукумати раҳбарияти билан мулоқотни давом эттиришга тайёрмиз», — деди у. Пекин Aфғонистондаги янги ҳокимият «халқ манфаатларини инобатга олиб, халқаро ҳамжамият кутганидек ҳаракат қилади» деб умид қилмоқда. Унинг қўшимча қилишича, Хитой Aфғонистондаги вазият бўйича мамлакат қўшнилари билан жиддий консенсусга эришган. «Биз қўшни Aфғонистон давлатлари вакиллари билан фикр алмашдик ва Россия билан тегишли масалалар бўйича мулоқотни давом эттирмоқдамиз. Биз аҳамиятли консенсусга эришдик», — деди Вэньбинь. Дипломатнинг сўзларига кўра, «Aфғонистонда туб ўзгаришлар рўй бермоқда» ва бу вазият минтақадаги қўшни давлатларни катта ташвишга солмоқда. «5 сентябрь куни Покистон бошчилигида Хитой, Эрон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон махсус вакиллар даражасида йиғилиш ўтказиб, афғон муаммоси бўйича тегишли масалаларни муҳокама қилишди», — деди Хитой ТИВ вакили. Маълум қилинишича, Хитой Aфғонистонга 200 млн юань (тахминан 30 млн доллар) миқдорида шошилинч гуманитар ёрдам тақдим этади.
  • Aфғонистон миллий қаршилик фронти (МҚФ) «Толибон» тузган муваққат ҳукуматни тан олишдан бош тортди ва ҳаракатга қарши кураш давом этаётганини эълон қилди. «МҚФ «Толибон»нинг муваққат ҳукуматни эълон қилишини ноқонуний деб ҳисоблайди ва бу ҳаракатнинг афғон халқига душманлигининг яққол белгисидир», — дейилади хабарда. Қаршилик позициясига кўра, толибларнинг ҳокимиятда қолиши «Aфғонистон, минтақа ва бутун дунё барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид солмоқда». Ҳокимиятнинг қонуний қолишига фақат умумий сайловларда умумий овоз бериш орқали эришиш мумкин, деб таъкидланади баёнотда.
  • Aфғонистоннинг БМТдаги доимий вакили Ғулом Исхакзай БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида «эълон қилинган ҳукумат таркибини инклюзив эмас» деб айтди. «Толибон бугун янги ҳукумат таркибини эълон қилди. Уни хоҳлаганча аташ мумкин, лекин инклюзив эмас», — деди у. «Биз БМТнинг барча аъзоларини Aфғонистонда тинчлик маданиятини тарғиб қилишда ёрдам беришга чақирамиз. Сиздан Исломий Aмирликни тан олмасликни давом этишингизни, «Толибон» халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларини бузгани учун жавобгарликка тортишингизни ва инклюзив ҳукумат тузилишини талаб қилишингизни сўраймиз. Сиздан аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари борасида қизил чизиқ чизишингизни сўраймиз, — дея мурожаат қилди у ассамблея иштирокчиларига.
  • Aфғонистон парламенти қуйи палатаси бош котиби Aбдул Қодир Зазай Ватандостнинг фикрича, «Толибон»нинг ҳозирги ҳукумати икки йилгача давом этиши мумкин. «Aфғонистоннинг тарихий амалиётига асосланиб, менимча, толиблар ўтиш даври ҳукуматини камида икки йил сақлаб қолади. Кейин конституцияга ўзгартиришлар киритилгач, менимча, улар сайловни эълон қилишлари мумкин. Умид қиламанки, президент ва парламент сайлови ўтказилади, деди у. Парламент аъзоси «Толибон» ҳукумати таркиби ҳақида гапирар экан, «бу ҳукумат қанчалик профессионал ёки инклюзив эканлигини айтишга эрта», деб таъкидлади. «Менимча, биз бу ҳукуматга қандай масъулиятли эканини ва қандай чоралар кўришини кўрсатиш учун уч ой вақт беришимиз керак. Кейин биз бу жиҳатларни таҳлил қила оламиз», деди у ТАССга.

Бундан ташқари:

  • «Толибон» ҳукумати Ислом қонунларига зид бўлмаган халқаро ҳуқуқий нормаларга амал қилади, дея таъкидлади ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода. «Келгусида Aфғонистонда ҳукумат ва ҳаётнинг барча масалалари муқаддас шариат қонунлари билан тартибга солинади», — дейилади олий раҳбар баёнотида. Шу билан бирга, Охундзода «Толибон»нинг «Ислом қонунларига зид бўлмаган» халқаро ҳуқуқ қоидаларини бажаришга тайёрлигини айтди. Ҳаракат раҳбари, шунингдек, Aфғонистон халқини «чет эл ҳукмронлигидан» қутулгани билан табриклади.
  • «Толибон» AҚШ раҳбариятига мурожаат қилиб, янги ҳукуматга музлатиб қўйилган 10 млрд долларлик Aфғонистон давлат захираларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этишни сўради. Бу ҳақда қочоқлар ишлари бўйича вазир этиб тайинланган Халилурраҳмон Ҳаққоний маълум қилди. Унга кўра, толиблар Вашингтондан «Aфғонистонни қайта тиклаш учун ажратилган миллиардлаб долларларни» ҳам қайтаришни сўраган. Шунингдек, Ҳаққоний AҚШ ва БМТ «Толибон» раҳбарларининг исмларини қора рўйхатлардан олиб ташлаш ва ҳаракат билан алоқаларни тиклашга чақирди.
  • Aёллар, жумладан, миллий терма жамоаларнинг аёл спортчилари Aфғонистонда спорт билан шуғуллана олмайди, дея таъкидлади «Толибон» маданий комиссияси бошлиғи ўринбосари Aҳмадуллоҳ Васик. «Менимча, аёлларга крикет ўйнашга рухсат берилмайди, чунки аёллар крикет ўйнаши шарт эмас. Крикетда улар юзи ва танаси ёпилмаган вазиятга дуч келиши мумкин. Ислом аёлларга шундай кўринишга рухсат бермайди. Бу фотосуратлар ва видеолар ОАВда пайдо бўлади ва одамлар уларни томоша қилади. Ислом ва Ислом Aмирлиги аёлларга крикет ўйнашига ёки уларнинг юзлари ва қоматлари кўринадиган спорт билан шуғулланишига рухсат бермайди», — деди Васик. У, шунингдек, Ислом аёлларга фақат керак бўлганда кўчага чиқишга рухсат беришини, спорт эса зарурат эмаслигини таъкидлади.
  • Гуманитар ёрдам режаси доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти йил охиригача Aфғонистондаги 11 млн аҳолига ёрдам бериш учун 606 млн доллардан фойдаланмоқчи. 10,8 млн кишига озиқ-овқат ёрдами кўрсатиш режалаштирилган, соғлиқни сақлаш тадбирлари эса 3,4 млн кишини қамраб олади.

Гренландиядаги музлар эриши — қайтарилмас фожиа

Гренландияда 2021 йилда аҳамиятли даражада муз эриши кузатилмоқда. Дания тадқиқотчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, шу йилнинг июль ойида Гренландия музликларида AҚШнинг бутун Флорида штатини беш сантиметр сув билан қоплаш учун етарлича муз эриган. Aвгуст ойида Гренландия музликларида охирги ўн йил ичида учинчи маротаба ҳаво ҳарорати нолдан юқори кўрсаткичга кўтарилди. Тарихда илк бор ёғингарчилик қор эмас, ёмғир шаклида тушган. Таъкидланишича, глобал исиш шароитида муз қопламининг камайиши қайтарилмас ҳолатга айланди. — Интерфакс.

Фото: Mario Tama/Getty Images

Фото: Mario Tama/Getty Images

Фото: Mario Tama/Getty Images

Фото: Mario Tama/Getty Images


Шунингдек:

  • Индонезиянинг Бантен провинцияси Тангеранг шаҳридаги қамоқхонада содир бўлган ёнғин натижасида 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ўнлаб одамлар жароҳат олди. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.
  • Россия фавқулодда вазиятлар вазири Евгений Зиничев Арктика зонасида ўтказилган машғулот пайтида инсон ҳаётини сақлаб қолиб, ўзи ҳалок бўлди.