БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили ўринбосари ва инсонпарварлик масалалари бўйича координатор Рамиз Алакбаров Афғонистонда озиқ-овқат захиралари сентябр ойида тугаши мумкинлигини маълум қилиб, халқаро ҳамжамиятни мамлакатни қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришга чақирди.

Унинг таъкидлашича, БМТ «етказиб бериш қарори»да қатъий бўлса-да, омон қолиш учун ёрдамга муҳтож бўлган миллионлаб одамларни қамраб олиш учун кўпроқ маблағ зарур.

Рамиз Алакбаровга кўра, мамлакатда беш ёшдан кичик болаларнинг ярмидан кўпи тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда, аҳолининг учдан бир қисмидан ортиғи етарли озиқ-овқат билан таъминланмаган.

«Афғонистонни айни пайтда мамлакат муҳтож бўлган муҳим воситалар билан таъминлашда зарур қадамларни қўйиш орқали яқинлашаётган гуманитар ҳалокатга юз тутишининг олдини олиш ниҳоят даражада муҳим. Бу ўта муҳтож қатламни озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш ва муҳофаза қилиш хизматлари ҳамда ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни англатади» — деди у.

Яқин кунларда жанубий Афғонистондаги Мозори-Шариф аэропортида БМТ томонидан тақдим қилинган тиббий таъминот воситалари қабул қилиб олинди. Шу билан бир пайтда, Покистон чегаралари орқали қарийб 600 тонна атрофидаги озиқ-овқат маҳсулотлари юк машиналари воситасида етказиб берилди.

Фото: WFP/Arete/Andrew Quilty

БМТ гуруҳлари аҳолига, шу жумладан, Кобул аэропортидаги 800 га яқин болаларга ичимлик суви ва канализация, шунингдек, хавфсизлик хизматларидан фойдаланиш имкониятини бериб келмоқда.

Шунга қарамай, Алакбаров Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури доирасидаги захиралар сентябр охиригача тугаши эҳтимоли мавжудлигини таъкидлаган.

«Ҳозирги мавжуд талабни қондириш учун энг заиф аҳоли қатламини озиқ-овқат билан таъминлаш имконини берувчи озиқ-овқат секторининг ўзига камида 200 миллион доллар керак», — дея қўшимча қилган у. — «Ва энг ҳимояга муҳтож қатлам — бу болалардир».

БМТ яқин кунларда Афғонистон масаласида тезкор чақириқ билан мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

БМТнинг иккита «йирик» аъзо давлатлари ўз молиявий ёрдамини кўрсатган бўлса-да, инсонпарварлик масалалари бўйича координатор бу ҳали етарли эмаслигини айтди.

БМТ маълумотларига кўра, ҳатто ҳозирги норозиликлардан олдин ҳам 18 миллионга яқин одам ёки аҳолининг ярми бирламчи эҳтиёжларини қондириш учун шошилинч ёрдамга муҳтож эди. Йил бошида сўралган 1,3 млрд долларлик молиялаштиришдан ҳозирга келиб 400 млн доллардан кам маблағ жалб этилган холос.

Айни пайтда, гуманитар ёрдамлар мамлакатнинг аксарият қисмига кириб борганлиги ва 403 тумандан 394 тасида фаолият олиб бораётганлиги айтилди.