8 сентябрь куни «Адолат» партиясининг навбатдаги қурултойидан кейин президентлик сайловларига номзоди қўйилган Баҳром Абдуҳалимов ОАВ вакиллари билан суҳбатлашди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати кейинги вақтларда дунё томонидан катта эътирофларга сазовар бўляпти.

«Биз ҳаммамиз биламиз, бир неча йил аввал Ўзбекистон ҳақида гапирилганда, ислоҳотларни ёқтирмайдиган, аста-секинлик билан ҳаракат қиладиган давлат тасаввур қилинарди. Кейинги вақтларда, буни аниқ айтиш керак, Ўзбекистон ислоҳотлар бўйича лидер мамлакатлардан бирига айланди. Қўшни мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш бу жуда яхши ғоя», — дейди у.

Унинг фикрича, бу сиёсатни давом эттириш керак.

«Чунки ҳаммамиз биламиз, бир-биримиз билан худди аразлагандек эдик. Мен қўшниларнинг номларини номма-ном айтиб ўтирмайман, лекин сиёсий нуқтаи назардан муносабатлари оғир эди ва бу халқлар орасидаги муносабатларга ҳам таъсир қиларди», — дея қўшимча қилди Баҳром Абдуҳалимов.

Таъкидланишича, ўзгаришлар натижасида ҳозир минтақадаги 5 давлат халқлари бир-бири билан дўст-биродарга айланган. Баҳром Абдуҳалимов Афғонистон масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Афғонистон масаласида, мен ўзим шарқшуносман, кўп йиллар Афғонистон масаласи билан шуғулланганман, нафақат Афғонистонга, бутун дунё томонидан эътироф этилган халқаро тамойиллар бор. Бу — ички ишларига аралашмаслик масаласи. Нима бўлганда ҳам, афғон халқи ўзининг тақдирини ўзи ҳал қилиши керак. Ва Афғонистон халқи нимани, қайси ҳукуматни тавсия қилса, қайси ҳукумат билан алоқа қилишни муносиб, деб топадиган бўлса, менинг назаримда, Ўзбекистон яқин қўшни сифатида улар билан мулоқотга киради», — дейди у.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Афғонистон билан, «Толибон» билан ўз вақтида ҳеч ким ишонмаган тақдирда ҳам, қайсидир маънода бу жараёнларга қўл урган, бошлаган.

«Шу сабабдан ҳозир ҳокимият тепасига келган «Толибон»ни ҳам қўшни мамлакатларга, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатларга фақат ҳамкорлик нуқтаи назардан қараляпти. Афғонистон халқи қайси ҳокимиятни маъқул топса, Ўзбекистон ўша билан мулоқотини йўлга қўйиши керак», — деди «Адолат» партиясидан президентликка номзод.

Аввалроқ, «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг вақтинчалик ҳукумати таркибини эълон қилган эди. Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб Ҳасан Охунд, ҳаракат раҳбарияти кенгаши раҳбари, бош вазир ўринбосари лавозимига Абдул Ғани Барадар тайинланди.

Шунингдек, бугун Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлашини маълум қилди. Вазирлик янги давлат идоралари билан «конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини» билдирди.