«Термиз» дала ўқув майдонида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони ўринбосарининг тегишли буйруғига асосан ўқув-услубий йиғинга старт берилди, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги.

Дала ўқув йиғини Сурхондарё вилояти ҳудудидаги ҳарбий қисмлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари билан авиациянинг интенсив учиш ҳудудларида ўтказилмоқда.


Машғулотлар олдидан масъул офицери подполковник Сарвар Тоштемиров қўшинларнинг жанговар тайёргарлик даражасини дунёнинг энг илғор армиялари билан тенглаштириш кераклигига эътибор қаратган.

«Асосий мақсад тўпланган тажрибаларни янада мукаммаллаштириш, жанговар ҳаракатларни ташкиллаштириш ва уларни замонавий шароитларда ҳар томонлама таъминлаш бўйича эгалланган билимларни мустаҳкамлашдан иборатдир», — дейилада вазирлик хабарида.

Шу куниёқ йиғин иштирокчилари билан саф тайёргарлиги, жисмоний тайёргарлик машғулотларини янгича усулларда олиб бориш бўйича амалий машғулотлар бўлиб ўтган. Саф тайёргарлиги давомида ҳарбий хизматчиларнинг уст-боши, ҳужжатлари, қуроллари кўрикдан ўтказилган.


Эслатиб ўтамиз, 1 — 10 август кунлари Хатлон йўналишида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараларида Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия Қуролли Кучларининг кенг кўламли қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтганди.

6 июлда эса Россия ҳарбий мутахассислари ва Ўзбекистон ҳарбийлари билан ҳамкорликда «Сазаган» дала-ўқув майдонида «БТР-82» жанговар техникаси ва «АГС-17» гранатомётларидан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказганди.

Ундан олдинроқ, 29 июнь куни мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов авиация, артиллерия ва батальон тактик гуруҳларининг жанговар шайлигини текширган эди. Ўшанда вазир СУ-25 қирувчи самолётида чегарани бузиб ўтган шартли душманга авиазарба берилишини бевосита кузатган эди.