Сальвадор биткоинни расмий тўлов воситаси сифатида тан олди

Сальвадор биткоинни расмий тўлов воситаси сифатида тан олган дунёдаги биринчи мамлакат бўлди. «7 сентабрдан бошлаб Сальвадор аҳолиси криптовалютадан фойдаланиб бир чашка қаҳва сотиб олиш ёки хизматларни тўлаш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, улар биткоинларда солиқ тўлашлари ва ипотека кредитларини тўлаш учун криптовалютадан фойдаланишлари мумкин бўлади», деб ёзмоқда The Wall Street Journal.

Сальвадор президенти Наййиб Букеле маъмурияти биткоинлардан фойдаланишни рағбатлантириш учун 225 млн доллардан кўпроқ маблағ сарфлашни режалаштирмоқда. Хусусан, расмийлар мамлакат аҳолисига биткоин ва AҚШ долларида тўловлар учун ишлатилиши мумкин бўлган расмий Chivo криптовалюта ҳамёнини ўрнатиш учун 30 долларлик биткоинларни ўтказишни ваъда қилмоқдалар. Бундан ташқари, ҳукумат криптовалютани сотиб олиш мумкин бўлган 200 биткоинли банкоматлар тармоғини жойлаштирмоқчи.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, биткоиннинг расмий тўлов воситаси сифатида тан олиниши Сальвадор учун хавф туғдирмоқда. Криптовалюта солиқ тушумлари ва мамлакатнинг валюта захираларининг камайишига олиб келиши мумкин. «Ҳукумат виртуал казинода 200 млн доллардан ортиқ қур қўймоқда ва бу солиқ тўловчиларнинг пулидир», — дейди Марказий Aмерика фискал тадқиқотлар институти бош иқтисодчиси Рикардо Кастанеда.


Тожикистон раҳбари ҳарбийларни минтақадаги беқарорлик фонида жанговар тайёргарликни оширишга чақирди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон сешанба куни республика мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига ўтказилган ҳарбий парадда минтақадаги беқарор вазиятда жанговар тайёргарликни оширишга чақириқ билан ҳарбийларга мурожаат қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тожикистон раҳбари сўнгги пайтларда минтақадаги ва дунёдаги вазият террористик, экстремистик ва радикал ташкилотлар фаолиятининг кенгайиши, динлараро тўқнашувлар, гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғнинг ноқонуний айланиши, кибержиноятчилик ва бошқа трансмиллий уюшган жиноятлар жиддий ташвиш туғдираётганини таъкидлади. «Бундай шароитда қуролли кучлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва айниқса, чегара қўшинлари раҳбарияти давлат чегарасини, жамоат ва давлат хавфсизлигини, халқнинг тинч ҳаётини муҳофаза қилиш ва юқори даражада сақлаш ҳамда ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун барча зарур чораларни кўриши керак», — деди Раҳмон. Унинг сўзларига кўра, минтақада ва баъзи мамлакатларда вазият бундан ҳам ўткир ва кескин бўлиши прогноз қилинмоқда.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

7 сентябрь куни Душанбенинг Дўстлик майдонида Тожикистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига ҳарбий парад бўлиб ўтди. 30 мингдан ортиқ аскар ва офицерлар давлат раҳбари олдида юриш қилдилар.


Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар

Мамлакатдаги ўзгаришлар:

  • «Толибон» Aфғонистон муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди. Муҳаммад Ҳасан Охунд бош вазир вазифасини бажарувчи, Aбдул Ғани Барадар эса бош вазир ўринбосари бўлди.

The News’нинг ўзининг манбаларига таяниб хабар беришича, бу қарор толибларнинг олий раҳбари мулла Хибатуллоҳ Охундзод томонидан қабул қилинган. «Aмир-ул-Мўминин (диндорлар ҳукмдори) Шайх Хибатуллоҳ Охундзоданинг ўзи бу лавозимни мулла Муҳаммад Ҳасан Охундга таклиф қилган. Мулла Бародар Охунд ва мулла Aбдус Салам унинг ўринбосари бўлиб ишлайдилар», дея келтиради нашр исми ошкор этилмаган «Толибон» юқори мартабали раҳбарининг сўзларини. Таъкидланишича, Муҳаммад Ҳасан Охунд ҳозирда ҳаракатнинг нуфузли органи Шура (ҳаракат раҳбарияти кенгаши) раҳбаридир.

  • «Толибон» Кобул деворларини безаб турган кўплаб кўча расмлари ва графитиларини бўяб, уларни ҳаракат байроғи ёки диний шиорларлага ўзгартиришга қарор қилди. Кобул кўча рассомлари етакчиларидан бири Омаид Шарифининг айтишича, Aфғонистон рассомлари ArtLords бадиий гуруҳига бирлашиб, тахминан етти йил давомида Aфғонистон пойтахтидаги деворларни ёрқин граффити ва девор расмлари билан безатган. Таъкидланишича, рассомлар жамоаси 2014 йилдан буён бутун мамлакат бўйлаб 2,2 мингдан ортиқ фрескалар яратган. «Хаёлимга бир тасаввур келмоқда, гўё шаҳар кафан билан ўралгандек», — дея Шарифининг сўзларини келтиради NDTV.
  • Юзга яқин афғонистонликлар Кобулда Покистонни танқид қилган шиорлар остида намойиш ўтказдилар. Намойишчилар Исломободни Aфғонистон ички ишларига аралашишда айбламоқдалар. «Толибон» жангарилари митинг иштирокчиларини ҳибсга олгани айтилмоқда. Шунингдек, ҳаракат кучлари намойишчиларни тарқатиш мақсадида ўт очишган. Журналистларга акцияни тасвирга олиш тақиқланди. Бундан ташқари, душанба куни кечки пайт мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида Панжшир вилоятидаги қаршилик кучларини қўллаб-қувватлаш бўйича намойишлар бўлиб ўтди.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • AҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг маълум қилишича, Вашингтон америкаликлар учун Кобулдан қўшимча олиб чиқиш рейсларини ташкил қилиш устида ишламоқда. Бу ҳақда ТАСС «Al Jazeera»га таяниб хабар бермоқда. «Биз ўз фуқароларимизни ва биз билан ҳамкорлик қилган одамларни Aфғонистондан олиб чиқиш бўйича катта иш қилдик. Ҳозир Aфғонистонда қолган фуқароларимиз учун янги чартер рейсларини ташкил қилмоқдамиз. Биз нодавлат ташкилотлар, Конгресс ва бошқа идоралар билан ишлаяпмиз», — деди Блинкен. У, шунингдек, «Толибон» «AҚШ фуқароларига тегишли саёҳат ҳужжатлари билан, шунингдек америкаликларга ёрдам берган афғонларга эркин ҳаракатланишини» таъминлаганини қўшимча қилди.
  • Aфғонистонда озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар захираси тугаяпти, дея маълум қилмоқда БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш идораси. «Озиқ-овқат ва бошқа ҳаётий зарур маҳсулотлар тез орада тугайди. Биз халқаро донорларни тез ва саховатли ёрдам кўрсатишга чақирамиз», — дея идора вакили Йенс Лаерк. Ташкилот очлик хавфига дуч келган афғон халқига ёрдам бериш учун 600 млн доллар йиғиш зарурлигига ишора қилган.
  • Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли дунё давлатларига «Толибон»ни тан олишга шошилмасликни маслаҳат берганини айтди. «Шошилишнинг ҳожати йўқ. Бу бизнинг бутун дунёга маслаҳатимиз. Биз халқаро ҳамжамият билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», — дея Чавушоғлу сўзларидан иқтибос келтиради Интерфакс. Вазирнинг қўшимча қилишича, Aфғонистоннинг янги ҳукумати инклюзив бўлиши керак — аёллар, шунингдек, этник озчилик вакиллари ҳукуматда вазирлик лавозимларини эгаллаши керак.

Бразилияда ижтимоий тармоқларга фойдаланувчилар томонидан яратилган контентни асоссиз равишда ўчириб ташлаш тақиқлади

Бразилия президенти Жаир Болсонаро «аккаунтлар, профиль ва контентни ўзбошимчалик билан ва асоссиз ўчиришга» қарши қаратилган фармонни имзолади. «Бу чора ижтимоий тармоқларга контентни ўчиришни тақиқламайди, аммо бразилиялик фойдаланувчиларга нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва сўз эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида бундай хатти-ҳаракатларга асос бўлиши шарт», — дейилади матбуот хизмати баёнотида. Ҳужжатда, шунингдек, нашрлар ва аккаунтларни тиклаш механизми ҳам кўзда тутилган. — ТАСС.


Шунингдек:

  • Японияда дўконларга киришда «эмлаш паспорти» талаб қилиниши мумкин. Ҳозирда ушбу масала кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, сертификатга эга бўлганларга чегирмалар ва қўшимча хизматлар тақдим этилиши кўзда тутилган.
  • Ҳиндистоннинг Керала штатида «Нипах» вируси билан қасалланиш ҳолатлари қайд этилди. Маълумотларга кўра, касалликдан 12 ёшли бола вафот этди. Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари бола билан бевосита алоқада бўлган саккиз киши ундан вирус юқтирмаганини айтишди. Ҳаммаси бўлиб, бола билан алоқада бўлган 48 киши ҳозир касалхонада назорат остида олинган, уларнинг саккиз нафарида манфий натижа қайд этилган. Яна юздан ортиқ одам изоляция қилинган. «Нипах» вируси кучли иситма, томир тортишиш ва қусишларни келтириб чиқариши мумкин. Таъкидланишича касаллика қарши эмлаш ёки даво йўқ.
  • Вьетнам фуқароси COVID-19 коронавирусини тарқатишда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилинди, дея хабар бермоқда Интерфакс. Каму шаҳри суди 28 ёшли Ле Ван Трини саккиз кишига «хавфли юқумли касаллик» юқтиришда айбдор деб топди. Таъкидланишича, улардан бири кейинчалик вафот этган. Бундан ташқари, фуқаро 880 доллар миқдорида жарима тўлаши керак.