Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева ижтимоий тармоқларда вакцина олгандан кейинги нохуш ҳолатлар бўлаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

«Афсуски, негадир аҳолимиз орасида қандайдир кузатилаётган нохуш ҳолатлар ёки ўлим ҳолатларини вакцина билан боғлаб туриб, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган видео билан боғлаётганликларини тушуниш жуда ҳам қийин. Ҳозирги кунга қадар ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаатлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишчи гуруҳлар тузилиб, ўрганишлар олиб борилди», — деди у.

Таъкидланишича, ўрганишлар бу каби нохуш ҳолатларнинг бирортаси вакцина билан боғлиқ эмаслигини тасдиқлаган. Қўшимча қилинишича, бугунга кунга қадар Ўзбекистонда вакцина туфайли бирорта ўлим ҳолати кузатилмаган.

«Вакцина ишлаб чиқарувчилар томонидан белгиланган йўриқномада кузатилиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар ва ўлим ҳолатлари — бу вакцина олгандан сўнг 1 соат давомида анафилактик шок, яъни кучли анафилактик реакция оқибатида ўлим кузатилиши мумкин. Ёки 3 кун давомида вақтинчалик ўтиб кетиши мумкин бўлган белгилар ҳақида ёзиб ўтилган», — дейди Севара Убайдуллаева.

Шунингдек, ССВ томонидан ишлаб чиқилган йўриқномага асосан вакцинага қаршиликлари мавжуд бўлган аҳоли эмланмаётганлиги айтилди.

«Яъни бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мумкин бўлган барча тадбирларни ўз вақтида олиб боришга ҳаракат қилиняпти», — дея қўшимча қилади коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси.