Ижтимоий тармоқларда «Урганч туманида бир кунда учта жасад чиққанлиги» ҳақидаги видео эълон қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти прокуратураси расмий муносабат билдирди.

Маълумотга кўра, 27 август куни соат 17:20 ларда вилоят ИИБга Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғи, «Орзу» маҳалласида номаълум уч нафар фуқаро канализация қувури ичига тушиб кетиб, вафот этганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Аниқланишича, фуқаролар Х.Ш., О.К. ва Ш. К.лар Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғи, «Орзу» маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйлардан чиққан канализация сувларини ҳайдаб чиқариш учун мўлжалланган канализация камерасига тушишганида камера ичида тўпланиб қолган захарли газдан захарланиб, ҳодиса жойида вафот этишган, дейилада прокуратура баёнотида.

Видеолавҳада айтилишича, фуқаролар бир бирларини қутқармоқчи бўлишган. Шунингдек, лавҳага кўра, мазкур қувурнинг усти очиқ бўлган ва воқеадан кейин ёпиб қўйилган.

«Неча йилдан бери ҳар йилда икки марта хат ёзардик, ҳокимият, прокуратура, ҳамма ерга. Канализацияни тузатиб беринг. Вада берадилар, келмайдилар шу вақтгача. Пул йўқ, маблағ йўқ деди», — дейди ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролардан бири.

Ҳолат юзасидан, Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси терговчилари иш юритувига ўтказилиб, вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган, дейилади хабарда.