Тошкент шаҳар истироҳат боғларига туну кун ишлашига рухсат берилди. Бу ҳақда ҳукуматнинг «Тошкент шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарорида айтилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига шаҳарда 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритадиган истироҳат боғларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбурий талабларни белгилайди.

Тошкент шаҳар ва туманларининг асосий вазифаларидан бири 2023 йилгача пойтахтнинг кўкаламзорлаштирилиши даражасини 30 фоизга етказиш ҳисобланади. Ҳозирда, ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевга кўра, бу кўрсаткич 26,4%ни ташкил қилади.

Ҳужжат билан ҳар қандай дарахт кўчатлари фақат улар экилаётган ҳудудларнинг иқлими ва ер майдонининг хусусиятларини ўрганиш асосида танлаб олиниши белгиланмоқда.

Ҳукумат, шунингдек, пойтахтнинг камида 60 гектар майдонида аттракционлардан холи бўлган жамоат истироҳат боғини ҳамда ҳар бир туманда кичик яшил истироҳат боғларини барпо этиш вазифасини юклади.

Тошкент шаҳрида жойлашган бюджет ташкилотларига ўзларининг йўл ёқасида жойлашган бинолари яшил ҳудудларини шаҳар ободонлаштириш талабларига мос равишда сақлаб туриш мажбурияти юклатилди.

2022 йил январидан бошлаб ҳуқуқий эксперимент йўлга қўйилмоқда. Унинг доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифалари аутсорсинг асосида тадбиркорларга берилади. Биринчи босқичда янги тартиб пойтахтнинг Бектемир ва Учтепа туманларида синовдан ўтказилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 август куни ўтказилган йиғилишда пойтахтдаги кўп сув талаб қиладиган арча ва «газон» кўпайиб кетганини танқид қилган эди. Давлат раҳбари ҳар бир маҳаллага дарахтларни парваришлаш учун Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 1 нафардан ишчи бириктирилиши белгилаб берди.

Бундан ташқари, президент шу йилнинг кузида ва келаси баҳорда 125 миллион туп дарахт экиш, вилоят марказлари ва шаҳарларида камида иккита яшил зона ва жамоат боғларини яратиш вазифасини қўйган. Вилоят ҳокимларига йил якунига қадар истироҳат боғларида аҳоли учун «сокин ҳудуд"ларни ташкил этиш топширилган. Бунда, мазкур боғларнинг камида 60−70 фоизи «яшил ҳудуд» бўлиши керак ва ушбу ҳудудларда бино-иншоотлар қурилишига рухсат берилмайди.

Шунингдек, қимматбаҳо дарахт ва бута турларини кесиш бўйича мораторийни 2024 йилгача узайтириш, экология полициясини тузиш ва экология соҳасидаги жарималарни кўпайтириш режалаштирилган.