Президент Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни фармацевтика тармоғида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, сўнгги беш йилда 71 та янги корхона ташкил этилиб, 2 минг 500 дан ортиқ турдаги дори воситалари, 241 турдаги тиббий буюмлар ва 78 турдаги тиббий техника ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробар ошди.

Келгуси беш йилда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда 2022−2026 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Хабарга кўра, тақдимотда ана шу лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, жами 1,25 млрд долларлик 104 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. Уларнинг натижасида 376 млн долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланиб, 84 млн долларлик экспорт қуввати яратилиши ҳисоб-китоб қилинган. Энг муҳими, 9 мингга яқин киши иш билан таъминланади.

Президент бу лойиҳаларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятини таъкидлаб, уларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди, дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда маҳаллий доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Президент мамлакатдаги доривор ўсимликларни чуқур қайта ишлаш орқали экспортни 15 млн долларга етказиш ва 5 мингдан ортиқ аҳолини иш билан таъминлаш мумкинлигини таъкидлаган. Мутасаддиларга шу йўналишдаги кластерлар фаолиятини йўлга қўйиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Тақдимотда биофармацевтик дори воситаларини ўзлаштириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.

«Ўзбекистондаги корхоналарда 3 мингдан ортиқ номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, улар асосан бир компонентли, мураккаб бўлмаган дори воситаларидир. Шу боис президент онкологик, гормонал, қон препаратлари, вакциналар каби инновацион биотехнологик дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди», — дейилади хабарда.