«Толибон» Афғонистондаги қаршиликларнинг охирги таянчи бўлган Панжшер провинциясини ўз назоратига олди. Бу ҳақда РБК Al Arabiya маълумотларига таяниб хабар бермоқда. Нашр ҳаракат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид баёнотига асосланиб хабар берган.

«Бу ғалаба туфайли мамлакатимиз уруш ботқоғидан чиқди», — деб ёзади Мужоҳид.

Ижтимоий тармоқларда Панжшер губернатори қароргоҳи дарвозаси олдида турган толиблар суратлари пайдо бўлган. Шунингдек, баъзи видеоларга қараганда, жангарилар провинцияда ўз байроғини кўтаришган.


Фото:twitter/theragex

Аммо худди олдинги ҳолатларда бўлгани каби, қаршилик кучлари жангариларнинг баёнотларини инкор этдилар. Улар Панжшер водийси бўйлаб «стратегик позицияларни» эгаллаб турганликларини ва «Толибон»га қарши курашни давом эттиришларини эълон қилишган.

Қаршилик кучлари аввалроқ 6 сентябрда жангларда катта йўқотишларга дуч келганини тан олган ва «Толибон»ни ўт очишни тўхтатишга чақирган. Миллий қаршилик фронти вакили Фахим Дашти бир кун олдин ўлдирилган.

РИА Новости хабарига кўра, аввалроқ ўзини президент в.б. деб эълон қилган Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ Панжшердан Тожикистонга жўнаб кетди.

Бир неча кундан буён толиблар Панжшер провинциясига ҳужум қилишмоқда. Можаро тарафлари навбатма-навбат устунликни қўлга киритаётганликларини эълон қилиб келишмоқда.