5 сентябрь куни Алишер Навоий номидаги давлат Академик катта театрида «Лазги — муҳаббат ва қалб рақси» балети намойиши бўлиб ўтди. «Газета.uz» мухбири маълум қилишича, ушбу лойиҳани амалга ошириш ва лазги асосидаги балетни саҳналаштиришга ярим йил вақт кетган.

Саҳналаштириш жараёнларига хорижий мутахассислар билан бирга маҳаллий санъат усталари, жумладан, Ўзбекистон халқ артисти, санъат тарихи мутахассиси, балетмейстер, хореограф ва Хоразмдаги Лазги мактаби раҳбари Гавҳар Матёқубова, Берлин миллий опера ва балет мактаби битирувчиси, Дортмунд балети хореоргафи, NRW Juniorballet Dortmund раҳбари, балет бош хореографи Рауль Раймондо Ребек.

Раймондо Ребек намойишдан бир кун аввал бўлиб ўтган матбуот анжуманида балетни саҳналаштиргани у учун жуда катта тажриба бўлганини таъкидлаганди. «Пандора қутисини очиб, Ўзбекистоннинг хазинасини кашф қилганим мен учун жуда катта тажриба бўлди. Ўзимни 3 йиллик тарихни ўзида мужассам этган майдонга тушиб қолгандай ҳис қилдим», — деди хореограф.

«Хоразмга хос бўлган ҳар бир элементни [Раймондо Ребек] жой-жойида ишлатган. Шунинг учун ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ экан. Бирор нимани амалга ошираман десанг, қўлингдан келар экан… Раққосани Хоразмдан танлади. У қизимиз балет ўйнаб юрмаган, фақат миллий рақсларни ижро этар эди. Мен рад эт, шарманда бўламиз дедим. У бир ўйнаб кўрай деди ва оқшом-у кундуз меҳнат қилди. [Хореограф] Хоразмни узоқ ҳудудидан бўлган қизга йўл-йўриқ кўрсатиб, балериналар сафига қўшди. Шунинг учун мен бу инсон олдида таъзим қиламан», — деди Гавҳар Матёқубова тайёргарлик жараёнларини ёдга олар экан.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур балетни жаҳон саҳналарида, жумладан Париж ва бошқа санъат ва маданият ривожланган шаҳарларда намойиш этиш режалаштирилмоқда. Ҳозирча аниқ муддати номаълум.

Жамғарма тақдим этган суратларда Ўзбекистон президентининг рафиқаси, «Zamin» Халқаро фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёеванинг ҳам балетга ташриф буюргани ва ижодкорлар билан суҳбатлашиб, уларни олқишлаганини кўриш мумкин.


Зироат Мирзиёева ва Гавҳар Матёқубова.

«Лазги — муҳаббат ва қалб рақси» балети «Газета.uz» фотомухбири Евгений Сорочин фоторепортажида:






















Балет бош хореографи, Берлин миллий опера ва балет мактаби битирувчиси Рауль Раймондо Ребек.