Ўзбекистонда сайловчилар сони 21,2 миллион кишидан ошган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев Тошкентдаги халқаро конференцияда маълум қилди.

МСК раисининг маълумотларига кўра, ҳозирда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 21 миллион 249 минг 921 нафар сайловчи киритилган. Улардан 6 миллион 993 минг 924 нафарини (қарийб 33 фоизи) 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

880 минг 155 нафар ёшлар бу йил илк маротаба ўзининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланади.

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев. Фото: МСК.

Зайниддин Низомхаджаев сайловларни ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибидаги 31 ёшгача бўлган йигит-қизлар сони-салмоғи 9 фоизни ташкил этишини, 41 ёшгача бўлганлар эса 28 фоизгача етишини таъкидлади.

Шунингдек, МСК раисининг таъкидлашича, сайловда дунёнинг 50га яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 22 декабрда бўлган парламент сайловларида жами 13 млн 963 минг 627 нафар сайловчи (67,8%) қатнашган.

2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган президент сайловида эса сайловчилар рўйхатига киритилган 20 млн 461 минг 805 нафар сайловчидан 17 млн 951 минг 667 нафари (87,73%) иштирок этган.