Гвинеяда ҳарбийлар томонидан давлат тўнтариши содир этилди

5 сентябрь куни Гвинеяда ҳарбийлар исён уюштирди. Қўзғолон етакчиси полковник Мамади Думбуя мамлакат президенти Aльфа Кондени ҳибсга олганини эълон қилди. ТАСС ҳозиргача маълум бўлган давлат тўнтариши тафсилотларини келтирмоқда:

  • Ҳарбийлар шимолий-шарқий йўналишдан мамлакат пойтахти Конакрига олиб келувчи автомобиль йўлини тўсиб қўйишди.
  • Исёнчилар мамлакат конституцияси амали тўхтатилгани ва парламент тарқатиб юборилганини эълон қилишди.
  • Думбуя телевидение орқали Гвинея ҳукумати тарқатиб юборилганини эълон қилди. Ҳукуматдан четлатилган вазирларга чет элга чиқиш тақиқланди, улардан хизмат машиналарини топшириш талаб қилинмоқда.
  • Исёнчилар етакчиси мамлакат ўтиш даври кутаётганини айтди. Давлатни миллий бирлик ҳукумати бошқаради, ҳокимият ва жамиятнинг барча институтлари янгиланади, дея таъкидлади полковник.
  • Думбуя Гвинеянинг ташқи чегараларини ёпишни буюрди ва ҳарбийларни казармада қолишга чақирди. Aммо 6 сентябрда Гвинеянинг ташқи чегаралари тижорат ва гуманитар рейслар учун яна очилди.
  • Мамади Думбуя уюшиш ва тараққиёт миллий қўмитаси раҳбари лавозимини эгаллаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қўмитанинг мақсади — мамлакатнинг барча фуқароларини давлат олдида турган муаммоларни ҳал қилиш учун бирлаштиришдир.
  • Исёнчилар фуқаролар ва уларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлашга ваъда беришди. Шунингдек, улар бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати эълон қилишди.
  • Гвинея Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, гвардия исёнчиларининг президент саройига қилган ҳужумини қайтаришган. Бироқ идора мамлакат президенти қаерда экани ҳақида ҳеч нарсани ошкор қилмади. Кейинчалик, мамлакат Мудофаа вазирлиги исёнчиларга қарши операция ўтказилишини эълон қилди.
  • Гвинея пойтахти аҳолиси президент Aльфа Конденинг ҳибсга олинганидан хурсандчиликларини билдириш учун кўчаларга чиқишди.
  • БМТ бош котиби Aнтониу Гутерриш Гвинеяда ҳокимият зўрлик билан тортиб олинишини қоралаб, президентни озод қилишга чақирди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель ҳам худди шундай мурожаат билан чиқди.
  • АҚШ Давлат департаменти Гвинеядаги барча томонлардан зўравонлик ва конституцияга зид ҳаракатлардан тийилишни талаб қилди.

Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар

Мамлакатдаги ўзгаришлар:

  • Афғонистоннинг Панжшер провинциясида бир неча кундан буён «Толибон» ва қаршилик кучлари ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда. Толиблар ҳудудда устунликни қўлга киритишганини эълон қилишмоқда, бироқ каршилик кучлари буни рад этди. Ҳаракат вакиллари Панжшердаги қаршилик кучларининг матбуот котибини ўлдирган. Кейинроқ, Панжшер қаршилик кучлари тоғларга чекинмоқда ва Афғонистондаги партизанлар урушига киришмоқда, дея маълум қилди уларнинг вакили.
  • «Толибон» мамлакатдаги барча етимларни, шу жумладан, қарши кучларнинг болаларини ҳимоя қилишга ва ўқитишга тайёр, дея маълум қилди ҳаракат томонидан тайинлаган Кунар вилояти губернатори Ҳожи Усмон Турабий. «Биз барча вафот этганларнинг, шу жумладан бизга қарши жангларда ҳалок бўлган афғонларнинг болаларига таълим ва тарбия беришда бир хил эътибор қаратамиз. Ҳеч қандай фарқ бўлмайди», — деди у.
  • «Толибон» расмийлари Aфғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай ва миллий ярашув олий кенгаши раҳбари Aбдулла Aбдуллога мамлакат фуқаролари билан учрашишни тақиқлади. Бундай қарорнинг сабаблари келтирилмаган. Бундан ташқари, улар мамлакат ОАВга Панжшир вилоятидаги миллий қаршилик фронти раҳбари Aҳмад Масуднинг баёнотларини тарқатишни тақиқлади.
  • «Толибон» ҳаракати Баграм авиабазасини Хитойга ўтказиши ва Қандаҳордаги аэродромни Покистонга ўз операцион мақсадларида фойдаланишга рухсат бериши мумкин, дея ёзмоқда ТАСС Pioneer’га таяниб.
  • «Толибон» ҳаракати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, раҳбарият афғонларга, шу жумладан аёллар иштирокида ҳам оммавий намойишлар ва норозилик акциялари ўтказишга рухсат беради. «Норозилик акциялари ва намойишлар ўтказишга рухсат берилган, шу жумладан аёлларга ҳам», — деди Мужоҳид. Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат ва давлат институтларининг қулаши туфайли юзага келган аҳолининг эҳтиёжлари тез орада қондирилади.
  • «Толибон» хусусий университетларнинг талаба қизларига ниқоб — фақат кўзлари очиқ бўлган, тўлиқ юзли бош кийим кийишни буюрди. Бу ҳақда ТАСС AFP’га таяниб маълум қилмоқда. Янги тартибларга кўра, синфлар жинси бўйича ажратилади, агар бунинг иложи бўлмаса, эркакларни аёллардан парда билан ажратиш, шунингдек, алоҳида кириш ва чиқишлардан фойдаланиш талаблари қўйилади. Бундан ташқари, фақат аёллар ёки яхши обрўга эга бўлган «кекса эркаклар» қизларга дарс беришлари мумкин бўлади. «Университетлар ўз имкониятларига қараб, талаба қизларга ўқитувчи аёлларни ёллаши шарт», — дейилади ҳужжатда. Айтилишича, афғонистонлик талаба қизлардан дарсларни беш дақиқа олдин тарк этиш талаб қилинади.
  • «Толибон» жангарилари шанба куни Кобулда норозилик намойишига чиққан аёлларга зўравонлик қилган тўрт кишини ҳибсга олди. «Улар [ҳибсга олинганлар] аёллар ва „Al Arabiya“ мухбирига ёмон муносабатда бўлишди. Воқеа жойига разведка бўлимининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари етиб келишди, улар вазиятни назоратга олиб, уларни ҳибсга олишди», — деди ҳаракат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид. Шу билан бирга, ҳаракат вакили янги ҳукумат тузилмагани сабабли Кобулдаги норозилик намойишларини бевақт деб атади. «Ҳозир норозилик намойишлар вақти эмас. „Толибон“ ҳокимиятга келганидан бери, ҳамма инстанциялар ишламаяпти. Биз аэропортда портлашларнинг гувоҳи бўлдик, вазият хавфли. Улар [намойишчилар] сабр-тоқатли бўлишлари ва ҳукумат тузилишини кутишлари керак, шундан кейин улар буни [ҳукуматдан] талаб қилишлари мумкин», — деди у.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • Aмерика ҳарбий операцияси доирасида эвакуация қилинган қарийб 40 минг афғон чет элда тегишли текшириш тартиб-қоидаларидан сўнг AҚШга келтирилди, дея хабар бермоқда АҚШ Давлат департаменти.

Шунингдек:

  • Француз актёри Жан-Поль Бельмондо 88 ёшида вафот этди. Бельмондо «Профессионал», «Сўнгги нафасда», «Муҳташам», «Махлуқ» ва бошқа фильмларда рол ўйнаган. 2015 йилда у кинодаги фаолиятини тугатганини эълон қилган эди.

Фото: mystateline.com

  • Грецияда Иқлим инқирози вазирлиги тузилди. Идорани Европа гуманитар ёрдам ва инқирозга қарши чоралар бўйича комиссари бўлган Христос Стилианидес бошқаради. Бу лавозимда у ўт ўчириш ва табиий офатларни бартараф этиш жараёнларига раҳбарлик қилади, шунингдек, иқлим ўзгариши натижасида юқори даражадаги об-ҳаво ҳароратига мослашиш сиёсати учун жавобгар бўлади.
  • 2011 йил октябрь ойида исёнчилар томонидан ўлдирилган Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаддафий жасади қайта дафн қилиниши учун ўз қабиласи — аль-Қаддафага топширилади. Таъкидланишича, мамлакат собиқ раҳбарининг қабри қаерда жойлашгани ҳозирча сир сақланмоқда.
  • Қирғизистон президенти Садир Жапаров Таалайбек Омуралиевни мудофаа вазири лавозимидан озод қилиб, Бактибек Бекболотовни унинг ўрнига тайинлади. Омуралиев мудофаа вазири этиб 2021 йил 5 май ойида тайинланган эди. Ўтган йилнинг охирида Қирғизистонда Давлат мудофаа қўмитаси ва Бош штаб Мудофаа вазирлигига бирлаштирилган эди.