Ижтимоий тармоқларда Чирчиқда пост-конструктивизм кўринишида қурилган, мамлакатнинг энг машҳур объекти бўлган собиқ «Чирчикстрой» меҳмонхонаси биноси бузилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Унга кўра, мазкур объектни («Чирчикстрой» меҳмонхонаси — таҳр.) бузиш ёки қайта қуриш юзасидан ҳозирги кунга қадар ҳеч қандай расмий ҳужжат қабул қилинмаган.

Ҳокимликнинг қайд этишича, президентининг 2021 йил 29 апрелдаги «Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, Чирчиқ шаҳар «Заковат» кўчаси 2- уйда жойлашган, собиқ «Саноат-иқтисодиёт касб-хунар коллежи» биноси, шунингдек, спорт иншооти ва ёнидаги спорт майдони Бокс федерацияси томонидан инвестиция мажбурияти асосида сотиб олишга розилик берилган.

«Яъни, ушбу ҳудудда замонавий бокс мактабига асос солинади ҳамда бу ерда келгусида профессионал боксчиларни тарбиялаш кўзда тутилмоқда», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Марказий Осиё маданий мероси расадхонаси Alerte Héritage Чирчиқда бузилиши режалаштирилаётган ушбу бинони бўйича хавотир билдирган эди. Ушбу бино 1935−1936 йилларда лойиҳаштирилган.

Ташкилот баёнотида бино «Ўзбекистоннинг ажойиб меъморий ёдгорлиги» ва «пост-конструктивизм шаклида қурилган республиканинг энг машҳур объекти» сифатида баҳоланган.