2021−2022-ўқув йилида талабаликка тавсия этилганлар (1-босқич талабалари) учун ОТМда 6 сентябрдан дастлабки таништирув ҳафталиги (хусусан, мустақиллик дарслари), 13 сентябрдан эътиборан ўқув режага мувофиқ дарс машғулотлари бошланади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, янги ўқув йилидан бошлаб барча олий таълим муассасаларининг 1-курс талабалари учун ўқув жараёни кредит-модул тизими орқали ташкил этилади.

Таништирув ҳафталигида талабалар кредит-модул тизимининг мазмун-моҳияти, ўқув жараёнига татбиқ этилиш тартиби, ОТМнинг ички тартиб-қоидалари ва шу каби зарурий ахборотлар билан таништирилади.

Шу билан бирга, таништирув ҳафталигини ташкил этишда доимий яшаш манзилидан, хусусан, республиканинг бошқа ҳудудларида бўлган талабаларнинг ОТМга етиб келиши, турар жойларига жойлашиши учун вақт ажратилиши инобатга олинади.

Юқори курс (1-курсдан ташқари) талабалари учун эса дарс машғулотлари умумий тартибда 6 сентябрдан бошланади.