Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 4 cентябр куни бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида янги ўқув йилида мактаб формасига қўйиладиган талабларда ўзгаришлар бўладими, деган саволга жавоб берди. Унга кўра, амалдаги талаблар ўз кучида қолмоқда (2019−2020 ўқув йилидан бошлаб мажбурий ягона мактаб формасини жорий этиш режалаштирилган эди, лекин кейинчалик бу муддат 2024−2025 ўқув йилига қолдирилди).

Вазир энг аввало, Вазирлар Махкамасининг 2018 йилги қарорини эслатиб ўтди. Низомнинг еттинчи бандига кўра :

"Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди".

Шу билан бирга, жорий ўқув йилидан бошлаб қизларга истисно тариқасида мактабга оқ ва очиқ рангли рўмол ва дўппида боришга рухсат берилади, дея маълум қилди вазир. Рўмол орқадан ўралиши керак.

Шерзод Шерматов президент Шавкат Мирзиёев ҳамма фарзандларни ўқитиш муҳимлиги бўйича жуда катта вазифа қўйганини ва жуда кўп ота-оналардан бу бўйича мурожаатлар келиб тушганини қайд этди.

«Битта ўғил болани ўқитсангиз, бир инсонга таълим берган бўласиз. Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз», — дея у президентнинг Индира Гандидан иқтибос келтирганини эслади.

«Кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб, миллий қадриятларимизга мос бўлган ҳолатда қизларимизга ҳалиги қарордан ташқари, истисно тариқасида, бу ўқув йилидан бошлаб, мактабга оқ ва очиқ ранглардаги миллий рўмолда ва дўппида бўлишига рухсат этмоқчимиз. Майли, агар болаларимиз миллий оқ рўмол ўрайдиган бўлса, „ўзбекча“ қилиб ўрасин. Кўйлагини ҳам, агар керак бўлса, ёқасини сал юқорироқ қилиб ёпиши мумкин бўлади. Шунда ҳақиқий миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан бемалол қизларимизнинг келишига рухсат этиш мумкин», — дея маълум қилди Шерзод Шерматов.

Шунингдек, вазир бу истисно эканлигини таъкидлаб, «эртага ҳамма фақат шунақа келиши керак, ҳамма бемалол юрган қизимизни ҳам, „йўқ, сен рўмол ўрашинг керак“, деб мажбурлаш ҳам бўлиб кетиб қолмаслиги» ҳақида тўхталди.

«Бундан мақсад, қизларимизни ўқитайлик, хурматли ота-оналар. Мана шу масала бор. Чунки бир неча йилдан буён таҳлил қилаётганимизда, шундай ҳолат кўриняптики, Тошкентни оладиган бўлсак, ОТМга кириш кўрсаткичи, умуман таълим сифат кўрсаткичлари бўйича энг паст кўрсаткичлар айнан ўзимизнинг Эски шаҳарда, Шайҳонтохур, Олмазор, Учтепа туманларида», — қайд этди вазир.

«Вилоятлар таҳлил қилинса, водийда Фарғонада энг юқори бўлса, Марғилон шаҳрида умуман энг паст кўрсаткич. Қўқонда ҳам», — деди вазир. Унинг қайд этишича, бу фақат қизларга эмас, ўғил болаларга ҳам тегишли.

Вазир педагог ва ўқитувчилардан «миллий ўзбекча (рўмол) ўрайдиган бўлса, ҳеч қандай муаммо қилмасликни» илтимос қилди. Шунингдек, у 6 сентябрь куни ўқувчи бирор сабаб билан формасиз келиб қолса, бунинг ҳам жанжал-тўполон қиладиган масала эмаслигини таъкидлади.

«Душанба куни байрам, байрам бўладиган бўлса, ҳаммани киритасизлар. Тушунтирадиган ишлар бўлса, кейин тушунтирасизлар. Эшикни тагидан нотўғри талқинга олиб келиши мумкин бўлган ишлар қилманглар, илтимос. Мактабни бировга зарар келтирадиган образда шакллантиришимиз керак эмас», — деди Шерзод Шерматов.

Шу билан бирга, халқ таълими вазири Ўзбекистон дунёвий давлат эканлигини эслатиб ўтди.

«Таълим билан дин, алоҳида-алоҳида. Яъни эртага бу нарсанинг орқасидан бошқача талқин кетиши керак эмас. Рўмол ўраб келган қиз бошқа қизга тазйиқ ўтказиши керак эмас, худди шундай ҳар хил ота-оналар томонидан „бизда мусиқа дарсини йўқ қилгин“, ёки „расм дарсини йўқ қилгин“, деган ортиқча талқинларга йўл қўйилмайди. Биз дунёвий билимларни барчага беришимиз шарт. Шу нарсага шароит яратиб беришимиз керак», — дея қўшимча қилди у.