Наманган вилоятида йўлни кесиб ўтаётган фуқарони Nexia автомобили уриб юборди, деб хабар берди вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Ҳодиса 28 август куни соат 21:15 ларда Поп-Исковут йўлининг 3 км.да, Поп тумани Исковут МФЙ ҳудудида содир бўлган.

Наманган шаҳрида яшовчи 1983 йилда туғилган фуқаро Nexia русумли автомашинасини бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган.

Оқибатда йўлни кесиб ўтаётган пиёда 1995 йилда туғилган аёлни уриб юборган. Натижада, пиёда олган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича Поп туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳайдовчига муайян ҳуқуқдан ва етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси хавф солмоқда.