Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, президент сайловида ХДП номидан номзод Мақсуда Ворисова олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари натижаларини (мандат) эълон қилиш кечикаётгани ҳақида фикр билдирди.

5 август куни тест имтиҳонларидан ўтган абитуриентлар ҳануз (орадан 28 кун ўтди) ОТМга кирган ёки кирмаганлигини била олмаяпти. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, якуний тест натижалари ҳам, талабалар ўқишини бир университетдан бошқасига ўтказиш бўйича аризалар натижалари ҳам 30 августга қадар эълон қилишини керак. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги (393-сонли) қарорида кўрсатилган.

Бундан ташқари, президентиннг 2019 йил 14 майдаги (ПФ-4319) фармонига кўра, абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижасини тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиши лозим.

Абитуриентлар учун якуний тест синовлари 23 август куни бўлиб ўтди, яъни ДМТ 30 август куни имтиҳон натижаларини эълон қилиши шарт эди.

Ҳуқуқшунос ва ЎзА директори ўринбосари Хушнудбек Худайбердиев аслида ДТМ кетма-кет учинчи йил Ҳукумат қарори ва президент фармони талабини бузаётганини таъкидлади. 2019−2020 йилларда ҳам ДМТ якуний мандатни кечикиб эълон қилган эди.

«Бир марта кечикиш бу тасодиф, икки марта кечикиш яна бор истисно. Аммо 3 марта кетма-кет айтилган муддатда жавобларни эълон қилишни эплолмаслик — тизимда нимадир хатолигини англатади. Иш ва юклама кўплиги ҳақидаги гаплар эскирди, менимча. Яхшиси тизимни қайта кўриб чиқиш керак. Қайсидир босқичда ниманидир ҳисобга олмаяпсизлар, нимадир ишни фақат орқага тортяпти. Ўша „нимани“ топиш унча қийин иш эмас аслида. Фақат бунга сал хоҳиш бўлса кифоя», — деди у.

Мақсуда Ворисова. Фото: ХПД.

Мақсуда Ворисова аҳоли Мустақилликнинг 30 йиллигини катта тантаналар билан нишонлаётгани, кўпчилик байрам кайфиятидалиги, аммо абитуриентлар бундан йироқлигини таъкидлади. «Улар мандат қачон чиқаркин, ўқишга кирдимми ёки йўқ, деган ўйда юрагини ҳовучлаб юрибди. Кўнглига чироқ ёқса, ёришмайди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, аслида натижалар тест тугаган кундан бошлаб, бир ҳафта муддатда чиқиши шарт.

«Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига рақамлаштириш кириб келган, имтиҳон саволларининг жавоблари тўғрилигини компьютер текшираётган вақтда натижаларни чўзиш кимга керак бўлиб қолди? Ижтимоий тармоқларда „адолатсизлик қачон барҳам топади“, қабилидаги саволлар бежиз илгари сурилаётгани йўқ», — деди ХДП раҳбари ўринбосари.

«Тўғри, абитуриент қанча балл олганини қисқа муддатда билиб олаяпти, аммо мандатни эълон қилишга, наҳотки, бир ойга яқин вақт кетса? Бизнингча, ҳамма соҳа рақамлаштирилган даврда „баҳона излаш“ бефойда. Ҳеч бўлмаганда Давлат тест маркази мутасаддилари халқ олдида ҳисобдорлигини англаб, ўз ҳаракатларига вақтида изоҳ беришлари керак», — дея қайд этди у.

Мақсуда Ворисованинг таъкидлашича, «аҳоли, айниқса умидвор ёшларнинг талабига жавоб бера олмайдиган Давлат тест маркази фаолиятини бутунлай қайтадан кўриб чиқиш керак».

ДТМ ҳозиргача мандат кечикаётганига расман изоҳ бермади.