Қозоғистонда хизмат кўрсатувчи корхоналар ходимларига эмлашсиз ишлашга рухсат берилмайди

Қозоғистон бош давлат санитария шифокори Ерлан Киясов коронавирусга қарши эмланмаганларнинг тўлиқ вақтда ишлашини тақиқловчи фармойишга имзо чекди. Янги қоидалар 6 сентябрдан кучга киради. Вакцинациядан озод этилганлар ва охирги 3 ой ичида COVID-19 билан касалланганлар бундан мустасно.

Чеклов аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари, «Казпочта» идоралари, банклар, молия бозори объектлари, суғурта компаниялари, кўчмас мулк ва реклама агентликлари, айирбошлаш шохобчалари, ломбардлар, таълим ва тиббиёт муассасаларига, шунингдек савдо корхоналари, шу жумладан гул дўконлари, босмахоналар, фото салонлари ва бошқа хусусий хизмат кўрсатувчи корхоналарга тааллуқлидир. Ушбу ташкилотларнинг эмланмаган ходимлари учун ҳар ҳафталик мажбурий ПЗР-текшируви жорий этилади. — Интерфакс.

Шунингдек: Қозоғистонда АЭС қурилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Токаев Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи мажлисида айтиб ўтди. «Ўйлайманки, бу масалани батафсил кўриб чиқиш вақти келди, чунки Қозоғистонга атом электр станцияси керак», — деди Токаев. Ҳафта бошида Қозоғистон раҳбари ҳукумат ва мамлакат «Самрук-Казина» давлат жамғармасига республикада бир йил ичида атом энергетикасини ривожлантириш имкониятларини ўрганишни топширган эди. Унинг қўшимча қилишича, 2030 йилга келиб Қозоғистонда электр энергияси тақчиллиги юзага келади.

Форумда Токаев, шунингдек, Қозоғистон расмийлари Хитойдан юклар транзитини кенгайтириш мақсадида янги темир йўл линияси қуришга қарор қилганини таъқидлади. «Қозоғистон транзити ўзининг иқтисодий жозибадорлиги ва ишончлилигини исботлади. Шунинг учун биз инфратузилмани яхшилашда давом этамиз. Хусусан, биз Хитойдан транзитни кенгайтириш учун Достиқ-Мўйинли янги темир йўл линияси қурилишини бошлаяпмиз. Умумий сармоя 2 млрд доллардан ошади», — деди Қозоғистон раҳбари.


Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар

Мамлакатдаги ўзгаришлар:

  • Кобулда фаол аёллар митинг уюштириб, ўз ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ва эркаклар билан тенг ҳуқуқлиликни [ҳукуматдан — таҳр.] талаб қилдилар. Намойишчилар «аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенг», «таълим, меҳнат, эркинлик — фаровонлик [йўли]» шиорлари тасвирланган плакатлар билан шаҳар кўчалари бўйлаб юришган. Шу билан бирга, акция иштирокчилари сони кўрсатилмаган. Шунингдек, фаоллар «Толибон» раҳбариятини Aфғонистон янги конституциясида мамлакатнинг сиёсий ҳаётида аёлларнинг иштирок этиш ҳуқуқини тасдиқлашга чақирди. «Al Jazeera»нинг хабар беришича, бундай намойишлар Ҳиротда ҳам бўлиб ўтди. — ТАСС.
  • «Толибон» ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг «La Repubblica»га берган интервьюсида «Толибон Хитойни ўзининг асосий халқаро ҳамкори деб билади», деб таъкидлади. «Хитой — бизнинг асосий ҳамкоримиздир, у биз учун асосий ва ажойиб имкониятдир, чунки у мамлакатимизга сармоя киритишга ва уни қайта қуришга тайёр», — деди у интервьюда. Мужоҳид Пекиннинг «Бир макон, бир йўл» дастурини юқори баҳолаб, у «қадимий Ипак йўлини қайта тиклашга хизмат қилишини» таъкидлади. У, шунингдек, Хитой Aфғонистонда тоғ-кон саноати тикланишига ёрдам беришига умид билдирди. «Бундан ташқари, бизда бой мис конлари бор, улар хитойликлар туфайли ишлаб чиқаришга қайтарилиши ва модернизация қилиниши мумкин», — деди ҳаракат вакили. Унинг айтишича: «Хитой бутун дунё бозорларига чиқишимиз учун эшикдир».
  • ТАССнинг Reuters’га таяниб ёзишича, «Толибон» сиёсий қаноти раҳбари мулла Aбдул Ғани Барадар Aфғонистон янги ҳукуматини бошқаради. Янги маъмурият таркибига мулла Ёқуб («Толибон» биринчи раҳбари мулла Умарнинг ўғли) ва ҳаракатнинг Доҳадаги вакили Муҳаммад Aббос Станекзай ҳам киради.
  • Жума куни Кобулдан Мозори Шарифга режалаштирилган биринчи ички рейс бекор қилинди. Бу қарорнинг сабаблари ҳақида маълумот келтирилмаган. — ТАСС.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • Буюк Британия қочқинларни бошпана ва санитария иншоотлари билан таъминлаш учун Aфғонистон қўшни давлатларига 30 млн фунт стерлинг (41,5 млн доллар) миқдорида ёрдам беради. Бу ҳақда мамлакат ТИВ маълум қилди. Бу сумманинг 10 млн фунт стерлинги (14 млн доллар) гуманитар ташкилотларга, шу жумладан БМТнинг Қочоқлар бўйича Олий Комиссарлигига ажратилиши кутилмоқда. Қолган 20 млн фунт стерлинг (28 млн доллар) «Aфғонистонни тарк этаётган ўн минглаб қочқинларнинг оғир юкини ўз зиммасига олган минтақа давлатларига» тақсимланади. Гап Покистон, Тожикистон, Эрон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳақида кетмоқда. Аввалроқ, Европа Иттифоқи мамлакатлари Афғонистон қўшниларига қочқинларни қабул қилиш эвазига 600 млн евро тўлаб беришни режалаштираётгани ҳақида ёзган эдик.
  • AҚШ президенти маъмурияти ва хусусий ташкилотлар эвакуация қилинган афғонларга молиявий ёрдам сифатида ҳар бирига 2275 доллар тўлашни режалаштирмоқда, дея ёзмоқда ТАСС Bloomberg’га таяниб. Ушбу дастур афғонларга уй-жой топиш, озиқ-овқат сотиб олиш ва болаларни мактабга жойлаштиришга ёрдам беришга қаратилган. Бундан ташқари, мамлакат 50 мингдан ортиқ афғон қочқинларини қабул қилишни режалаштирмоқда.
  • Қирғизистон Омбудсмани Токон Мамитов республика Aфғонистондан қочқинларни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди. «Ҳозирда Aфғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият билан боғлиқ саволлар бор. Aлбатта, бу бизни ташвишга солади. Қирғизистон бир қатор халқаро ҳужжатларни, шу жумладан қочқинларга оид ҳужжатларни қабул қилган давлат сифатида, албатта, халқаро стандартлар ва қоидаларга ва ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаради. Биз қочқинларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга тегишли ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани қиламиз», — деди у.
  • Германия бир қатор шартлар бажарилган тақдирда Aфғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишга ва унинг ривожланишини қўллаб-қувватлашга тайёр, дея маълум қилди мамлакат ташқи ишлар вазири Хайко Маас. «Aфғонистонда хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, янги реаллик пайдо бўлди», — деди вазир. «Биз ҳозир Aфғонистон бўйича ўз позициямизни тезда аниқлашимиз керак. Биз учун баъзи шартлар муҳим: биз инклюзив ҳукумат тузилишини, асосий инсон ҳуқуқларининг таъминлашини, Aфғонистон яна террорчилар бошпанасига айланмаслигини хоҳлаймиз. Шунда биз нафақат гуманитар ёрдам кўрсатишга, балки агар бу шартлар бажарилса, Aфғонистонни ривожлантиришга кўмак беришни бошлашга ҳам тайёрмиз», — деди Германия ТИВ раҳбари. Маас, шунингдек, агар хавфсизлик ҳолати имкон берса ва юқоридаги шартлар бажарилса, Германия Кобулдаги дипломатик миссиясини қайта очишга тайёр эканлигини таъкидлади.
  • Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаевнинг айтишича, Aфғонистонда AҚШ чиқиб кетгандан сўнг 85 млрд доллардан ортиқ қийматда қурол-яроғ сақланиб қолган. «Менимча, бу мамлакатдан (Афғонистон — таҳр.) келиб чиқадиган таҳдидлар ва хавфлар аниқ. Aмерикаликларнинг кетиши билан у ерда жуда катта миқдордаги, замонавий, қиймати 85 млрд доллардан ортиқ қурол-яроғ қолган. Ҳали ҳам қочқинларнинг чиқиб кетиши учун хавф бор», — деди у.

Бундан аввал, АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг ўғли — Дональд Трамп кичик ўз Twitter саҳифасида «AҚШнинг 85 млрд долларлик қуроллари Aфғонистонда қолган» деб ёзган эди. «Толибон» террорчиларига 85 млрд долларлик ҳарбий техника қолди. Бу шуни англатадики, ҳар бир америкалик — эркак, аёл, бола — AҚШдаги тахминан 320 млнлик аҳолисини ҳисобга олсак, уларнинг террорчилик ҳаракатларига 265 доллар қўшган" — деб ёзган Трамп кичик.

Шунингдек, у AҚШ Ҳисоб палатасининг махсус қурол ва ускуналар сонини кўрсатувчи жадвални постга илова қилган. Ушбу жадвалга кўра, америкаликлар Aфғонистонда 22 174 та Humvee машинаси, 634 та М1117 зирҳли транспорт воситаси, 155 та МххPro автомашиналари, 169 та М113 зирҳли машинаси, 42 мингта пикап ва зирҳли автоуловлар, 64 363 та пулемёт, 8 мингта ҳарбий юк машиналари, 162 042 та портатив тунги кўриш мосламалари, 358 530 та автомат, 126 295 та тўппонча, 176 та замбарак қолдирган. Бундан ташқари, 33 та Ми-17 вертолёти, 33 та «Black Hawk» вертолёти, 43 та MD530 вертолёти, тўртта C130 ҳарбий транспорт самолёти, 23 та «Embraer-314» самолёти, 28 та «Cessna-208» самолёти ва 10 та «Cessna AС-208» самолёти Афғонистон ҳудудида қолдирилган.


Шунингдек:

  • Япония бош вазири Ёсихидэ Суга ҳукмрон Либерал-демократик партияси раҳбари сайловига ўз номзодини илгари сурмайди, деб ёзмоқда NHK. Нашрнинг таъкидлашича, у шу тариқа бош вазир лавозимидан ҳам бош тортмоқда. Сайловлар 29 сентябрга белгиланган.
  • AҚШ шимоли-шарқидаги сув тошқинлари қурбонлари сони 45 кишига етди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, уларнинг сони ортиши мумкин, чунки кўпчилик бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
  • Хитойда «баъзи турдаги эркаклар»ни телевидениеда кўрсатиш тақиқланди. Хитой миллий радио ва телевидение бошқармаси «эркакларнинг жилвалигини» ва бошқа бузилган эстетикани [телевидение кўрсатувларида] қатъий равишда олдини олиш ва кўрсатув учун актёрларни танлашда «ижро этиш услуби, кийим ва пардозни» қатъий назорат қилишга буюрди. Бундан ташқари, ҳукумат бойликларни телевидение орқали кўрсатишга, одамларнинг шахсий ҳаётини муҳокама қилишга қарши чиқди — буларнинг барчаси, расмийларга кўра, ХХР қадриятларини акс эттирмайди.