Европа Иттифоқи афғон қочқинларини қабул қилиш учун Афғонистон қўшниларига таклиф тайёрлаяпти, бу орқали иттифоқ 2015 йилги Сурия миграция инқирози такрорланишидан қочишга уринмоқда, деб хабар қилди Financial Times.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиши ортидан «Толибон» ҳокимият тепасига келди. Бу эса мамлакатда беқарорлик ва толиблардан қочишга уринадиган қочқинларнинг сони кескин ортиб кетиши хавфини оширди.

Иттифоқ мамлакатларининг кўпчилиги Суриядаги уруш сабабли 2015 йилда миллион кишидан ортиқ қочоқларнинг Европага ўтиши ортидан юзага келган миргация инқоризи янгидан такрорланмаслиги учун унинг олдини олиш кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Ўшанда инқироз оқибатларини юмшатиш учун Брюссель қочқинларни қабул қилиш ва Европа мамлакатларига чиқиб кетишига йўл қўймаслик эвазига Туркияга молиявий кўмак таклиф қилганди.

Financial Times маълумотларига кўра, ҳозир Европа Иттифоқи қочоқларни қабул қилиши эвазига Афғонистоннинг қўшни давлатларига 600 млн евро миқдоридаги молиявий кўмакни тайёрламоқда. «Бу Брюссель Покистонга, эҳтимол Ўзбекистон ва Тожикистонга, ҳатто халқаро санкциялар остида бўлган Эронга ҳам пул тақдим этишини англатиши мумкин», — деб ёзган нашр.

31 август куни Европа Иттифоқининг 27 давлати ташқи ишлар вазирликлари Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун шошилинч йиғилиш ўтказди. Унинг натижаларига кўра ЕИ Кенгаши баёнот қабул қилди. Унда кўплаб қочқинларни қабул қиладиган учинчи мамлакатларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш ваъда қилинган.

Шу билан бирга, баёнотда «ўтмишдаги сабоқлар асосида» Европа Иттифоқи аъзолари «назорат қилиб бўлмайдиган кенг кўламли миграция оқимлари такрорланишининг олдини олиш» учун биргаликда ҳаракат қилиши ҳақида сўз борган. Кенгаш шунингдек, «Афғонистондаги вазият Европа Иттифоқи фуқаролари хавфсизлигига янги таҳдидлар туғдирмаслиги учун барча имкониятларни ишга солишини» қайд этган.

РБКнинг ёзишича, ўтган ҳафтада бир неча Европа Иттифоқи мамлакатлари Суриядаги уруш туфайли 2015 йилда юзага келган миграция инқирозининг ўхшаши содир бўлишидан хавотирда эканлигини билдирган. Шундай сўнг, Словения бош вазири Янез Янша унинг давлати ҳам, Европа Иттифоқи ҳам «ўзининг мамлакатини ҳимоя қилиш ўрнига уни тарк этган барча одамларга ёрдам бериш ва ҳар бирига ҳақ тўлаш» мажбуриятини олмаганини айтди.

Австрия бош вазири Себастьян Курц аниқлик киритишича, унинг мамлакати ҳануз у ерда яшаётган афғон қочқинларининг жамиятга мослаша олмаётгани билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечирмоқда ва шу сабабли у Венада янги қочоқларни қабул қилишга қарши чиқиш қилади. Бош вазир Австрия 2015 йилги хатосини такрорламаслигини таъкидлади.

30 август куни Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги толиблар режимидан қочаётган одамлар учун ўз чегараларини очишга тайёр эканлиги ҳақидаги хабарларни рад этди. Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда ўзбек-афғон чегараси тўлиқ ёпилган ва «Термиз» чегара постини очиш ҳозирча режалаштирилаётгани йўқ.

Аввалроқ, WSJ нашри Ўзбекистон АҚШни афғон учувчилари ва уларнинг оилаларини чиқариб юбориш режалаштирилаётганидан огоҳлантиргани ҳақида ёзган эди. Газета маълумотларига кўра, «Толибон» август ойи ўртасида Ўзбекистонга учиб ўтган ҳарбий самолёт ва вертолётларни қайтаришни талаб қилган.