Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан 1−5 сентябрь кунлари дам олиш деб эълон қилингани боис пенсия ва нафақаларни тўлаб бериш муддати узайтирилмоқда. Бу Пенсия жамғармаси ва Халқ банкининг қўшма баёнотида қайд этилган.

Бугунга қадар президентнинг 2017 йил 2 февралдаги [ПҚ-2753-сон] фармонига мувофиқ, пенсия ва нафақа пуллари ҳар ой биринчи банк иш кунидан бошлаб 27 санасига қадар тўлаб келинаётган эди.

Хусусан, тўловлар кунлик график асосида (дам олиш кунларидан ташқари) маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фуқароларнинг яшаш манзилига борган ҳолда етказиб келинган.

Президентнинг 2020 йил 3 декабрдаги «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги [ПФ-6122-сон] фармонига асосан 1−5 сентябр кунлари барча соҳа вакиллари учун дам олиш куни деб эълон қилинди.

Шу муносабат билан фуқаролар ўртасида тушунмовчиликлар юзага келишини олдини олиш ҳамда пенсия ва нафақа олувчиларнинг оворагарчиликларига йўл қўймаслик мақсадида Пенсия жамғармаси ва Халқ банки баёнот билан чиқди.

Унга кўра, сентябрь ойи учун бериладиган пенсия ва нафақа тўловлари нақд пул шаклида 6−7 сентябрь санасидан бошлаб амалга оширилади ҳамда белгиланган муддатларгача тўланиши таъминланади.

Шунингдек, пенсия ва нафақа тўловларини нақд пулсиз шаклда олувчи фуқароларга маблағлар 6−7 сентябрь кунлари уларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади.

17 август куни имзоланган президент фармонига кўра, 1 сентябрдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилгани ҳақида ёзгандик. унга кўра, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўм этиб белгиланди.