Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ, Ислом Каримов вафот этган 2 сентябрь санаси Хотира куни сифатида белгиланган. Бу кунда жамоатчилик йиғилиб, биринчи президентни ёд этиш эзгу анъанага айланган, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.


Давлат раҳбари бугун Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Биринчи президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.


Шавкат Мирзиёев истиқлолнинг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимда Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиб, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида давлатни бошқарганини таъкидлаган эди.

«Ушбу хотира тадбири ҳам халқимизнинг биринчи президентга ҳурмати ифодасидир», — дейилади хабарда.

Маросимда Татьяна Каримова, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари ҳам иштирок этди.

Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.