2 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтаётган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишида нутқ сўзлади.

Унинг сўзларига кўра, янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши — Марказий Осиё минтақасида дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда бу маконда фаровонлик, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат.

«Бу борада, биз биринчи галда, Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, сув ва энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, масалаларига катта аҳамият қаратаяпмиз», — деди у.

Давлат раҳбари тарихдан Марказий Осиё минтақаси Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўлкаларини боғлаган муҳим ҳудуд сифатида танилганини қайд этди.

«Бу борада Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, айниқса, янги транспорт коридорларини ривожлантириш орқали ушбу минтақалардаги иқтисодий ўсиш ҳамда аҳолининг ҳаёт даражасини оширишни мақсад қилиб олганмиз», — дея таъкидлади у.

У сўзи давомида Афғонистон масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Афғонистонда сиёсий барқарорликни ўрнатиш ва иқтисодиётни тиклаш — минтақавий хавфсизлик ва тараққиётнинг ишончли омилидир. Ўзбекистон доимо бу мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келган. Ва ҳозирги мураккаб шароитда ҳам жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча зарур ёрдамни кўрсатиб келмоқдамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, президент Ўзбекистон толиблар билан икки йил олдин мулоқотни йўлга қўйганини маълум қилган эди. «Доҳадаги раҳбари Мулла Абдул Ғани Бародар Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берган. Ваъдасига вафодор бўлиб тургани учун ҳам улар билан мулоқот қилишимиз табиий», — деганди у.

23 август куни Шавкат Мирзиёев КХШТга аъзо давлатларга Афғонистон билан чегарани ишончли қўриқлаш ва ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тадбирлар тўғрисида маълумот берган эди.