Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 27 август куни «Daryo Bo’yi Business City ишбилармонлик марказини чегара ҳудудларини белгилашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Ҳужжат E-Qaror порталига жойлаштирилди.

Аввалроқ «Газета.uz» лойиҳа 2020 йил 29 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сергели ва Зангиота туманларига ташрифи якунлари бўйича тасдиқлангани ҳақида ёзган эди. Чирчиқ дарёси қирғоғининг 16 километрлик қисмини 65−80 метргача торайтириш режалаштирилмоқда. Ҳосил бўлган бўш ер майдонида «Дарё бўйи Бизнес сити» лойиҳаси амалга оширилади. У ерда ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари яратилади.

Лойиҳанинг 16 км масофадаги ҳудудни — Оҳангарон шоссесидан «Янги ҳаёт» туманигача бўлган ҳудудни эгаллайди.

«Ўзбекистон 24» канали лавҳаси.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бир ой муддатда тасдиқланган ер чегараларига мувофиқ ҳокимлик ер захира фондига олишни топширди.

«Ўзбекистон 24» канали лавҳаси.

Daryo Bo’yi Business City Дирекцияси директорига лойиҳанинг бош режасини ишлаб чиқилишида, Чирчиқ дарёсини оқиб ўтувчи 5 километрлик қисмининг дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш ва дарё ўзанини 50−110 метргача қисқартириш ҳисобига очиладиган қўшимча бўш ер майдонларини лотларга ажратган ҳолда, ободонлаштириш ва уларда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва турар-жойлар объектларини жойлаштириш таклифини киритиш топширилди. Бунда икки ой муддатда ерлар лотларга ажратилиши, сўнгра электрон аукцион савдоларига чиқарилиши керак (президентнинг ПФ-6243 фармонига мувофиқ).

Аукцион савдоларидан тушган маблағлар, сотув харажатларини чегириб ташлаган ҳолда лойиҳанинг биринчи босқичини молиялаштириш учун Молия вазирлигидан ажратилган ссуда маблағларини (300 млрд сўм экани айтилган) қоплашга ва лойиҳанинг кейинги босқичларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ҳоким қарорида лойиҳани амалга ошириш учун ажратилган 100 млрд сўм бюджет ссудасини қайтариш муддати 2022 йил 1 июлга қадар узайтирилгани қайд этилган. Бундан ташқари, лойиҳа ҳужжатларига Чирчиқ дарёси устидан ўтган юқори кучланишли электр узатиш линиясини ер остига ўтказишни киритиш режалаштирилган.

Чирчиқ дарёсининг 16 км узунликдаги қирғоқларини торайтириш ҳисобига жами бўлиб 400 гектар ерни бўшатиш ва инвесторларга сотиш кутилмоқда.