Facebook`да тарихчи Анвар Назир томонидан Афғонистонда «Толибон» ҳаракати вакиллари мамлакат мактабларида ўзбек тили дастурдан чиқариб юборгани, шунингдек, «юзлаб ўзбек тили ўқитувчилари ҳайдалгани, Авлоний, Навоий ва ўзбек-турк муаллифлар китоблари кутубхоналардан олиб ташланиб, ахлатга ташланаётгани» ҳақида пост ёзиб қолдирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов муносабат билдирди.

«Ушбу шахс Афғонистонда Амир Темур, Шайбонийхон, Бобораҳим Машраб, Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райҳон Беруний меросининг ўрганилиши ҳамда навоийшуносликнинг ҳам таъқиқлангани ҳақида хулоса қилади. Шуни маълум қиламанки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг „Толибон“ ҳаракати расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги таъкидланди», — деб ёзади у.

Хабарга кўра, «Толибон» вакили ўзбек тили, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлаган.

«Ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга, толиблар расмий вакилининг маълумотига кўра, мамлакат янги раҳбарияти алоҳида эътибор қаратади», — дейилади баёнотда.

«Баъзи билимсиз «таҳлилчи» ва журналистларнинг шубҳали шов-шувлар ва «қайноқ факт"лар илинжида очиқдан очиқ бузиб кўрсатилган ва ёлғон ахборотларни тарқатаётгани эса афсусланарли ҳолатдир», — дея қўшимча қилди Кабулжанов.