Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевнинг истеъфосини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Берик Уали Facebook-саҳифасида маълум қилди.

Нурлан Ермекбаев Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги ҳарбий қисм муҳандислик ўқ-дорилари омборида содир бўлган ёнғин ва портлашлардан кейин истеъфога чиқиш ҳақида ариза топширган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 15 кишига етди, деб ёзмоқда Tengrinews.kz.

Аввалроқ Нурлан Ермекбаев ўзининг эҳтимолий истеъфоси бўйича изоҳ берган эди:

«Вазир айбдор деб айтиш, бу — нодонлик. Ўқимишли одамлар билишадики, Қуролли кучлар, бу — шундай бир кичик давлатки, у ерда таълим тизими ҳам, соғлиқни сақлаш тизими ҳам бор. Аскар тайёрлаш, бу — жуда мураккаб механизм. Бир киши ҳамма нарсани назорат қилиб туриши имконсиз. (…) Бизнинг муайян қоидаларимиз бор — биринчи раҳбар ҳаммаси учун жавобгарликни зиммасига олади. Ҳаттоки бунда унинг айби бўлмаса ҳам, мен жавобгарликни зиммамга оламан», — дея жавоб берди вазир журналистларнинг саволларига.