Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқини қутлар экан, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловларига тўхталиб ўтди.

У сўнгги беш йил ичида сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берганини таъкидлади: «Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди».

Бу галги президент сайловлари илк бор 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади, дея эсга олди Шавкат Мирзиёев.

«Бу сайлов барчамиз учун Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти қандай йўлдан боради, фарзандларимиз, оиламиз, мамлакатимиз келажагини қандай барпо этамиз, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбирдир. Шунинг учун ушбу сиёсий жараёнга кўпмиллатли халқимиз ҳам, жаҳон ҳамжамияти ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан қарамоқда», — дея қайд этди у.

Сайловда дунёнинг 50 га яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.

«Шу маънода, бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтади ҳамда янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этади, деб ишонаман», — дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, сайловларда мамлакатда рўйхага олинган бешта партиядан беш номзод: Экологик партиядан — Нарзулло Обломуродов, «Адолат» партиясидан — Баҳром Абдуҳалимов, «Миллий тикланиш» партиясидан — Алишер Қодиров, Халқ демократик партиясидан — Мақсуда Варисова, ЎзЛиДеП партиясидан — Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

25 август куни Марказий сайлов комиссияси президент сайловларини ўтказишда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус йўриқномани тасдиқлади.