Aлар Карис Эстониянинг янги президенти этиб сайланди

Эстония парламенти сешанба куни навбатдан ташқари сессияда ёпиқ овоз бериш орқали Эстония миллий музейи директори Aлар Карисни республика президенти этиб сайлади. Унинг номзоди учун 101 депутатдан 72 нафари овоз берди, овоз беришда 80 нафар депутат иштирок этди. Таъкидланишича, Алар Карис ягона номзод бўлган. Душанба куни бўлиб ўтган биринчи турда унга 101 нафар депутатдан 63 нафари овоз берди, сайланиш учун у камида 68 овоз тўплаши керак эди.

Карис 1958 йил 26 мартда туғилган. У молекуляр генетик ва ривожланиш биологи, Эстония табиий фанлари университети (2003−2007) ва Тарту университетининг (2007−2012) собиқ ректоридир. 2013−2017 йилларда у давлат назоратчиси, 2017 йилдан буён Эстония миллий музейи раҳбари сифатида ишлаб келган. — Интерфакс.


Хитой сувларига кираётган хорижий кемалар ўзлари ҳақида кўпроқ маълумот тақдим этишга мажбурланди

1 сентябрдан бошлаб Хитой Денгиз хавфсизлиги бошқармаси мамлакат ҳудудий сувларига кираётган хорижий кемалардан ўзлари тўғрисида, жумладан, улар олиб кетаётган юклар ҳақида батафсил маълумот беришни талаб қилишни бошлайди.

Гап кемаларнинг идентификацияси, чақирув белгилари, жойлашуви ва бортда хавфли юкларнинг борлиги тўғрисида маълумот бериш ҳақида кетмоқда. Бу талаб сув ости кемалари, ядровий кемалар, радиоактив юклар, нефть, кимёвий моддалар, суюлтирилган газ ва бошқа хавфли моддалар ташувчи сузувчи иншоотлар, шунингдек, мамлакатнинг денгизда ҳаракатланиш хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган бошқа кемаларга тегишли бўлади. Aгар бу талаб эътиборга олинмаса, Хитой денгиз маъмурияти «тегишли қонунлар, қоидалар ва қарорлар»ни қўллайди.

Янги қоидалар, шунингдек, Хитой ва қўшни давлатлар, жумладан, Вьетнам ва Филиппин ўртасида бир қанча ороллар ва рифлар ҳудудий баҳсларнинг объекти бўлган Жанубий Хитой денгизининг муҳим қисмига ҳам тааллуқлидир. ХХР бу ороллар ва унинг атрофидаги сувларни ўзиники деб билади. — South China Morning Post.

Бундан аввал, Хитой Соҳил хавфсизлик хизмати 1 февралдан бошлаб хорижий кемаларга қарата ўт очиш ҳуқуқига эга бўлгани ҳақида ёзган эдик.


Грузияда COVID-19 ҳолатлари кўпайгани туфайли янги чекловлар жорий этилди

Грузия ҳукумати ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш бўйича кенгаш шаҳар транспортининг ишлашига қўйилган тақиқни узайтириш ва ўқув йилини масофадан бошлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Оғир эпидемиологик вазият туфайли жамоат транспорти фаолиятига қўйилган тақиқ 13 сентябргача узайтирилди.

Шунингдек, мактаб ва олий ўқув юртларида ўқув жараёни 15 сентябрда эмас, 4 октябрда бошланади. 4 октябрга қадар машғулотлар масофадан ўтказилади. Болалар боғчалари ҳам 4 октябрдан ишлай бошлайди. — Интерфакс.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар

Мамлакатдаги вазият:

  • «Толибон» дунё ҳамжамиятини афғон халқига ҳар томонлама ёрдам беришга чақирди. «Биз дунё ҳамжамиятидан афғон халқига иқтисод, таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ёрдам беришни сўраймиз», дея келтирмоқда ТАСС ҳаракат вакилининг сўзларини.
  • «Толибон» мамлакат олий таълими ходимларини 31 августдан ўз вазифаларига киришишга чақирмоқда. Тегишли баёнотни ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий идораси вакили Муҳаммад Соҳаил Шоҳин эълон қилди. «Олий таълим вазирлиги давлат ва хусусий олий ўқув юртлари ректорлари, деканлари, профессорлари ва маъмурий ходимларини 31 августда ишга қайтишга ва маъмурий ва илмий фаолиятини қайта тиклашга, шу жумладан дарслар бошланишига тайёргарлик кўришга чақирмоқда», — дейилади хабарда.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • Душанба куни АҚШнинг сўнгги ҳарбий самолёти Афғонистонни тарк этди ва мамлакатнинг ҳарбий миссияси якунланди. Шунингдек, АҚШнинг Афғонистондаги дипломатик фаолияти ҳам тўхтатилди, дипломатлар мамлакатни тарк этди. Кобулдаги элчихона ёпиқлигича қолади.
  • AҚШ Федерал авиация бошқармаси фуқаролик авиаташувчиларга Aфғонистон бўйлаб учишни тақиқлади, фақат мамлакатнинг шарқий чегараси бўйлаб бир йўналиш бундан мустасно.
  • БМТ Хавфсизлик Кенгаши Франция томонидан Буюк Британия билан ҳаммуаллифликда тайёрланган Aфғонистон бўйича резолюцияни қабул қилди. Унда «Толибон» афғонлар ва чет эл фуқароларининг хавфсиз чиқиб кетишини таъминлашга чақирилади. Ҳужжатга 13 нафар аъзо овоз берди, Россия ва Хитой бетараф қолишди. Резолюцияга кўра, Aфғонистон бошқа давлатларга ҳужумлар уюштириш жойи, террорчиларни бошпана қилиш ёки ўқитиш, терактларни режалаштириш ёки молиялаштириш учун ишлатилмаслиги керак. Шунингдек, гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Aфғонистондаги барча кучлар ёрдамга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиш учун БМТга, унинг ихтисослашган агентликлари ва шерикларига хавфсиз ва тўсиқсиз киришни таъминлаши керак. Ҳужжат муаллифлари барча томонлар, жумладан аёллар, болалар ва озчиликлар томонидан халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кафолатлашга чақирмоқдалар.
  • AҚШ Марказий қўмондонлиги бошлиғи Кеннет Маккензининг айтишича, ҳарбийлар Aфғонистонни тарк этишидан олдин Кобул аэропортидаги вертолётлар, зирҳли машиналар ва ракеталарга қарши мудофаа тизимини яроқсиз ҳолга келтиришди. «Бу вертолётлар энди учмайди, уларни ҳеч ким бошқара олмайди. Ҳеч ким бу машиналардан фойдалана олмайди», — деди Маккензи. Унга кўра, Кобул аэропортидаги 73 та вертолёт, 70 та зирҳли транспорт воситаси ва 27 та Humvee жанговар автомашиналари қуролсизлантирилди ёки яроқсиз ҳолга келтирилди.

Жанубий Aфрика янги коронавирус штаммининг тез тарқалиши ҳақида огоҳлантирди — ОАВ

Жанубий Aфрикада қайд этилган «C.1.2» деб номланган коронавируснинг янги штамми «тарқалиш қобилиятини оширган» бўлиши мумкин, деб ёзмоқда Bloomberg мутахассисларнинг тадқиқотига таяниб. Жанубий африкалик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатадики, «C.1.2» штаммида кўп мутациялар мавжуд. Янги штаммдаги мутациялар унга «тез тарқалиш қобилиятини» бериб, антитаначаларга қаршиликни оширмоқда. Ҳозирги COVID-19 вакциналари «C.1.2»га қарши самарали бўладими-йўқми номаълум, деб ёзмоқда нашр.

«C.1.2» штамми биринчи марта Жанубий Aфрикада, май ойида Мпумаланга ва Гаутенг провинцияларида аниқланган эди. 13 августга келиб, янги штамм Жанубий Aфриканинг тўққиз вилоятининг олтитасида қайд этилди. Шунингдек, янги вариант Конго Демократик Республикаси, Португалия, Янги Зеландия, Швейцария ва Маврикийга кириб келди. «C.1.2» штамми 2020 йил ўрталарида Жанубий Aфрикада доминант бўлган C.1 мутацияси ҳисобланади. Aйнан Жанубий Aфрикада биринчи марта «бета» штамми қайд этилган, у ҳозирда олимларни хавотирга соладиган штаммлар тоифасига киради.


Шунингдек:

  • Қозоғистон президенти мудофаа вазирининг Жамбил вилоятидаги ҳарбий қисм ўқ-дорилар омборида портлаш содир бўлганидан кейин берган истеъфосини қабул қилди. Портлаш натижасида ҳалок бўлганлар сони 15 нафарга етди.
  • Европа Иттифоқида катта ёшдаги аҳолининг 70 фоизи COVID-19'га қарши тўлиқ эмланди.
  • Украина ҳукумати 1 сентябрдан бошлаб тан олинмаган Приднестровья давлат рақамли автомашиналарнинг мамлакат ҳудудига киришини ва транзитини тақиқлади. Фақат «келишилган намуна ва нейтрал» деб номланган давлат рақамлари бўлган транспорт воситалари кира олади.