VII Халқаро армия ўйинлари доирасида Жазоирда бўлиб ўтган «Содиқ дўст» мусобақасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги кинологларидан иборат эркаклар ва аёллар жамоалари биринчи ўринларни эгаллади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.


Жумладан, III даражали сержант Улуғбек Нуриллаев 300 метр масофадаги тўсиқларни хизмат ити билан енгиб ўтиш йўлагида янги рекордни ўрнатди. Шундай қилиб, эркаклар жамоалари ўртасида ўтган муросасиз баҳсларда Ўзбекистон ҳарбий кинологлари биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Россия, учинчи ўринни эса Беларусь вакиллари банд этишди.


Бу йилги мусобақада илк бор иштирок этган аёллар жамоаси аъзоси оддий аскар Диёра Валижонова ҳам 300 метр масофадаги тўсиқларни хизмат ити билан енгиб ўтиш йўлагида рекорд ўрнатди. Ирода Олимова эса АК-74 кичик калибрли спорт қуроли билан «Моҳир ўқчи» йўналишида нишонларни йўқ қилиш бўйича 132 балл йиғиб, ўз номини рекордчилар қаторига қўшиб қўйди.

Шундай қилиб аёллар ўртасидаги мусобақада биринчи ўринни Ўзбекистон, иккинчи ўринни Россия Федерацияси ва учинчи ўринни Жазоир Халқ Демократик Республикаси жамоалари қўлга киритди.

Шунингдек, «Фориш» тоғ полигонида Халқаро армия ўйинлари доирасидаги «Ҳарбий-тиббий эстафета»нинг сўнгги шарти — «Жамоавий биринчилик» беллашувлари ҳам якунига етди.


Унда иштирокчи жамоалар вакиллари — кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари эркаклар ва аёллар гуруҳларига бўлинган ҳолда бирдамликда шиддатли баҳсларга киришди.

Жамоавий биринчилик шартига кўра, иштирокчилар муҳандислик тўсиқларидан эмаклаб ўтиб, шартли ярадорга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий замбил орқали ва арқон ёрдамида сувли тўсиқ устидан олиб ўтиш, санитар ҳарбий техникага жойлаштириб, барча аслаҳаларни йиғиштириб олиш, кейин эса уларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш каби машқларни бажаришди.


Якуний натижаларга кўра, «Жамоавий биринчилик»нинг эркаклар ҳамда аёллар баҳсларида Ўзбекистон жамоаси юқори натижаларни кўрсатиб, биринчи ўринга сазовор бўлишди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси бу йил ҳам мазкур мусобақанинг «Жамоавий биринчилик» босқичида ўтган йилги натижаларини янгилаб, рекордлар қайд этишди. Мазкур шартни бажариш учун эркаклар ўртасида 5 дақиқа 28,4 сония (ўтган йил — 6ʻ28,8), аёллар ўртасида эса 7 дақиқа 51,3 сония (ўтган йил — 10ʻ09,2) вақт сарф қилишди.


Барча шартлар бўйича тўпланган умумий натижаларга кўра, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси биринчи, Россия иккинчи, Хитой вакиллари учинчи ўринни эгаллади.