Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Навоий вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари ва ёшлари билан суҳбатда бўлди. Учрашувда 2020 йилда «Зулфия» номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган навоийлик тадбиркор Мирей Аманбаева ҳам сўзга чиқди.

У айни вақтда Навоий давлат педагогика институтининг 2-курс магистранти, тадбиркор, чорвачилик кластери раҳбари ҳамда вилоятда бизнес-мураббий ҳисобланади.

Мирей Аманбаева давлат раҳбари билан суҳбатда навоийлик ёшлар президентнинг ташрифидан «дух олганини» таъкидлади. Шавкат Мирзиёев ҳам «дух олдик, деяверинг, шу менга ёқади», дея ҳазил қилди.

«Ҳурматли президент, сиз ёшлар кунидаги нутқингизда „стартап лойиҳалар учун грантлар ажратилади“, деганингизда жуда хурсанд бўлиб кетган эдим. Нимагаки, ўтган йили ноябрь ойида вилоят ҳокими томонидан 800 млн сўм ажратганда, биз бизнесга биринчи қадам лойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳар битта қишлоқ жойдан, тумандан биттадан тадбиркор чиқарганмиз. Ҳозирги кунда уларнинг камида 5 нафар, кўпида 60 нафарга яқин ишчиси бор», — дейди Мирей Аманбаева.

Фото: Видеодан лавҳа

Унинг қўшимча қилишича, президентнинг тадбиркорлар билан учрашувда айтган гапи: «Тадбиркор — янги Ўзбекистоннинг замини, ҳозирги ислоҳотларнинг ислоҳотчиси» Навоий вилоятига шиор қилиб олинган.

«Менинг жамоам жуда кўп, қишлоқда десангиз ҳам, туманда десангиз ҳам. Тўғри, бир-иккита йўл тўсадиган раҳбарлар ҳам чиқиб қолади, шунда Кабулбек Назаровичга ярим оқшом соат 1−2 бўладими, фарқи йўқ, телефон қиламиз ёки Telegram`да ёзамиз, „шу раҳбар тўсиқ бўляпти“, деймиз. Эртасига ўзи жавобини беради. Раҳбарларга телефон қилишимизнинг сабаби нимада? Битта муаммо бўлса туманнинг прокурорига чиқади: „мана бу масала бўляпти, ҳал қиласанми ёки йўқми, бўлмаса президентга айтамиз“… Керак бўлса вазирлар билан гаплашяпмиз», — дейди Мирей Аманбаева.

«Ҳурматли президент, мен сизга ваъда бераман, Навоийда хотин-қизларга ҳам, ёшларга ҳам тадбиркорликни ўргатиб, ҳатто ҳокимларга ҳам дарс ўтяпман», — дея навоийлик тадбиркор қиз президентдан дастхат беришини сўради.

«Майли, дастхат қўйиш муаммо эмас. Лекин мен яқинда тадбиркорлар билан учрашувда 100 нафар тадбиркорга берган қароримга қўшимча қилиб, 100 нафар эмас, 101 нафар қилиб сизга эртага совға келса, қандай бўлади», — дея жавоб берди президент. Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот олдидан мамлакатдаги 100 нафар тадбиркорга миннатдорлик йўллаган эди.

«Мен ҳам ҳоким бўлганман. Бизда бундай имконият йўқ эди. Биз халқни қабул қилишни хоҳлардик, лекин имкониятимиз, пулимиз йўқ эди», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Президент Мирей Аманбаевага «йўли енгил бўлиши учун» автомобиль совға қилди. Давлат раҳбари унга «Навоийдаги вакили» бўлишини айтди.

28 август куни Мирей Аманбаевага президент совғаси сифатида Nexia-3 автомашинаси топширилди.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

«Президентимининг Навоий вилоятига ташрифи Навоий халқи учун жуда катта, унутилмас воқеа бўлди десам бўлади. Ўзбекистонда биринчи қуёш станциясининг очилиш маросими бўлиб ўтди ва унда мен ҳам иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим ҳамда ўша ернинг ўзида президент билан мулоқотда бўлдим. Президент Навоий халқини маданиятлик, ёшлари изланувчан, талабчан, деб таъкидлади. Бу биз учун жуда катта мотивация десам адашмаган бўламан. Президентимиз бизнесга биринчи қадам, стартап ва ёшлар лойиҳалари бўйича фаол бўлишимни сўраб автомобиль совға қилди. Бу мени жуда руҳлантирди», — дейди Мирей Аманбаева «Ўзбекистон 24» телеканалига.