24 август куни Ички ишлар вазирлигининг @stopnarko_bot Telegram-ботига икки нафар номаълум шахс трафарет ёрдамида гиёҳванд моддалар реклама қилинган ёзувларни қолдираётгани ҳақидаги хабар келиб тушди, дея маълум қилди Тошкент ИИББ матбуот хизмати.

Бошқарма маълумотларига кўра, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида жами 62 та ёзув топилди. 26 август куни кўрилган тезкор чоралар натижасида гумонланувчилар — 20 ёшли Анастасия М. ва 24 ёшли Владислав В. қўлга олиндилар.

Суҳбат давомида Владислав 28 ёшли Дмитрий С. ҳам уйларнинг деворларига ёзув қолдириш билан шуғулланишини маълум қилди. У ҳам қўлга олинди. Учала фуқаро бу иш билан маълум ҳақ эвазига шуғулланишларини, хизмат ҳақини эса интернет-ҳамён орқали олишларини айтишди.

Уларга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 161 («Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш»), 183 («Майда безорилик») ва 194 («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») моддалари бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Тўпланган ҳужжатлар Яшнобод тумани ИИО ФМБга қонуний чора кўрилиши учун йўналтирилди, дейилади хабарда.

Пойтахт ИИББ гиёҳвандлик моддалари рекламалари тўғрисидаги хабарлар ҳақида улар қолдирилган манзил билан биргаликда @stopnarko_bot Telegram-ботига юбориш мумкинлигини эслатиб ўтди.