26−27 август кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 18 ялпи мажлисида бир қатор муҳим масалалар қаторида 8 та қонун ҳужжати ҳам кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.

«Суғурта фаолияти тўғрисида» ги қонун

Ҳужжат билан эндиликда суғурта шартномаларини фақат давлат тилида тузилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, суғурта турларини кўпайтириш, барқарорлигини таъминлаш билан мутаносиб равишда аҳолининг суғурта маданиятини ошириш назарда тутилган.

Қонунда суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари (суғурта ташкилотлари, суғурта брокерлари, аджастерлар, ассистанслар, актуарийлар, сюрвейерлар) ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланмоқда.

Қолаверса, суғурта шартномаларини электрон тарзда интернет орқали тузиш жараёни қонун билан мустаҳкамланди.

«Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида» ги қонун

Қишлоқ хўжалиги кооперативи ишлаб чиқариш кооперативининг шаклларидан бири бўлиб, тижорат ташкилоти ҳисобланади.

Ҳужжат билан қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш механизмлари, хусусан, кооперативни ташкил этиш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш, ер участкаларини қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативининг уставига доир талаблар белгиланди.

Шу билан бирга, кооперациянинг бошқарув органларини ташкил этиш тартиби, ижро этувчи органлари, кузатув кенгаши ва уларнинг ваколатлари, йиғилишларни чақириш ва қарорларни қабул қилиш тартибига оид нормалар назарда тутилмоқда.

Қонунда қишлоқ хўжалиги кооперативи мулкини шакллантириш манбалари, пай бадаллари ва пай фонди, фойда ва зарарни тақсимлаш, кооперация ва аъзолар мулкий жавобгарлигининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзоликка доир масалалар ҳам очиб бериляпти. Хусусан, ўн олти ёшга тўлган жисмоний шахслар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативи устави талабларига мос бўлган юридик шахслар қишлоқ хўжалиги кооперативининг аъзоси бўлиши мумкинлиги келтирилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативининг фаолияти устидан назорат қилиш механизмлари белгиланмоқда. Жумладан, қишлоқ хўжалиги кооперативининг уставида кооператив тафтиш комиссиясини тузиш, яъни тафтишчини сайлаш назарда тутилиши мумкин.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини шакллантиришнинг ҳуқуқий асоси яратилади, кооперативлар фаолияти ривожлантирилади, хўжалик субъектлари учун муносабатлар тўлиқ ҳуқуқий тартибга солинади.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида» ги қонун

Ялпи мажлисда юртимиз аҳолисининг тинч, осойишта ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашда Давлат хавфсизлик хизматининг ўрни беқиёслиги таъкидланди.

Мазкур қонунда 26 сентябрь кунини Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни сифатида белгилаш назарда тутилмоқда.

2018 йил 2 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида 5 апрель — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг касб байрами этиб белгиланган эди.

Бугунги кунда 5 апрель санасини Давлат хавфсизлик хизмати куни сифатида нишонлаш (Хизматнинг 30 йиллиги) хавфсизлик идораларининг фаолият юритишини ҳисоблашда қарама-қаршиликни келтириб чиқармоқда. Чунки, ўтган йиллар давомида (2006, 2011 ва 2016 йиллар) хизматнинг тантанали юбилейларига Давлат хавфсизлик хизматининг хорижий ҳамкорлари таклиф этилиб, уларга эсдалик нишонлари топширилган.

Таъкидланишича, шу боис, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами нишонланганидан сўнг, 26 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизматининг 30 йиллигини ўтказиш мантиқан тўғри ҳисобланади.

Ушбу ҳужжат қабул қилиниши натижасида 2018 йил 2 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонун ўз кучини йўқотади ва 26 сентябрь тарихий санаси асосида юртимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни сифатида нишонланади.

Мазкур қонуннинг маъқулланиши ДХХ ходимларининг маънавий-руҳий кайфиятини, хизмат учун фахр туйғуси янада кучайиши, авлодлар ўртасида устоз-шогирд анъаналари сақланиб қолиши, хизматнинг фахрийларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар ўртасида давлат хавфсизлик идоралари имижини мустаҳкамлаш имконини беради.

«Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги қонун

Қонун билан пандемия даврида иқтисодий қийинчиликларга дуч келган соҳалардан бири бўлган туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилган вақтинчалик имтиёзларни қўллаш муддати 2022 йилнинг 1 январигача узайтирилмоқда.

Ҳужжат электр двигатели орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларини (электромобиллар) сотиб олувчилар, олиб кирувчиларни йиғим тўлашдан озод этилишини ҳам назарда тутмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бир шаҳар ва туманларининг ўзига хос «ўсиш нуқтаси» деб аниқланган фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига 2024 йил 1 январга қадар фойда ва сув солиқлари бўйича 50 фоизлик имтиёз берилмоқда.

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган айрим ҳудудлари учун ҳам қонун билан алоҳида солиқ ставкалари белгиланмоқда.

Хусусан, Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Риштон туманининг «Чўнғара» МФЙ, Фарғона туманининг «Шоҳимардон», «Ёрдон» ва «Ҳосилот» МФЙлари (Тоштепа кўчаси) учун фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ (бюджет ташкилотларидан ташқари) ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича 1 фоиз миқдорида солиқ ставкаси белгиланмоқда.

Ушбу қонун коронавирус пандемияси ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳамда аҳоли даромадларини кўпайтириш, тегишли соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-хуқуқий ҳужжатларни тизимлаштиришга хизмат қилади.

«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» ги қонун

Ушбу қонун билан мудофаа соҳасидаги айрим жараёнларга янгилик ва ўзгартишлар киритилмоқда. Хусусан, меҳнатга қобилиятсиз бўлса-да, оилавий-моддий шароитлари яхши ота-оналар розиликлари билан уларнинг чақирув ёшидаги фарзандларига муддатли ҳарбий хизматга чақириш ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ имкониятини бериш мақсадида қонуннинг 21-моддасига ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда.

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг 2006 йил 12 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Давлатга етказилган зарар учун ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисидаги вақтинчалик низом қайта кўриб чиқилиб, ундаги жавобгарликни белгиловчи нормалар «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги қонунига ўтказилмоқда.

Ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимиз мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, фуқаролар томонидан ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ йўналишдаги қонун ҳужжатларини ягона кўринишга келтириш, соҳада қўлланиладиган тушунча, атама ва номланишларни бир хил талқин этилишига хизмат қилади.

Ушбу қонун фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлиги ҳамда фуқароларнинг мамлакат мудофаасини таъминлашда иштирок этишига оид ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

«Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» ги қонун

Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган қонун билан қуйидаги ўзгартиш ва кўшимчалар киритилаётгани таъкидланди:

  • бўш судьялик лавозимларига номзодларнинг танлов жараёнларини интернет жаҳон ахборот тармоғи (шу жумладан, веб-сайт) орқали ёритиб боришни йўлга қўйиш назарда тутилиши;
  • судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
  • судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари ваколатларига тегишли ўзгартишлар ва бошқа муҳим қоидалар киритилиши қайд этилди.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида очиқлик ва шаффофлик асосида судьялар корпусини энг муносиб кадрлар билан таъминлаш механизмлари янада такомиллаштирилади, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси оширилади, суд тизимида коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмлари янада ривожлантирилишига эришилади.

«Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун

Ислоҳотлар натижасида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари янада кенгроқ жорий этилди. Яратилган қулайликлар туфайли фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси сезиларли ҳолатда, кескин ошди. Судлар фаолиятига жорий этилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузи ва ўрни ошишига ҳисса қўшмоқда.

Бугунги кунда суд тизимида замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда суд тизимида «Е-ХSUD» ахборот тизими жорий этилган бўлса-да, қонун ва қонун ости ҳужжатларини янада тартибга солиш, уларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилишни назарда тутадиган ҳуқуқий нормаларни аниқ белгилаш тақозо этмоқда.

Қонун билан 5 та кодекс, яъни Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, суд иш рақами бўйича судьяни «E-XSUD» ахборот тизими орқали ўзига керак бўлган суд ҳужжатларини олиш имконияти яратилгани боис, қонун билан қонунчиликда апелляция ва кассация шикоятларининг мазмунида ва қайтариш асосларида назарда тутилган «иш бўйича қабул қилинган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинмаган бўлса» деган қоида бекор қилинмоқда.

Иқтисодий процессуал кодексига жорий этилган ва бугунги кунда ижобий натижа берган, яъни соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти Фуқаролик процессуал кодексига ҳам қўлланилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш, уларнинг ортиқча сарф-харажатларини тежашга эришилади.

Шунингдек, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни тўлдириб, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузи ошишига олиб келади.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги қонун

Таъкидланганидек, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу жараён давом эттирилиб, қонун ва қонун ости ҳужжатларни янада тартибга солишни тақозо этмоқда. Қонун 14 та моддадан иборат. Унга мувофиқ 7 та кодекс ҳамда 5 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ҳужжат билан мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилиши, тизимлаштирилиши ва сақланишини таъминлаш шартлиги белгиланмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, Миллий гвардия бўлинмаларида ҳарбий хизматчилар билан бир қаторда махсус унвонли ходимлар ҳам фаолият кўрсатиши белгиланган. Бироқ, кўпгина қонунларда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, ички ишлар органлари ходимлари ҳақида нормалар мавжуд бўлса-да, Миллий гвардия ходимлари тўғрисида сўз юритилмаган. Шу боис, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги ҳамда «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида"ги қонунлар, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Бюджет ва Солиқ кодексларига Миллий гвардия ходимлари билан боғлиқ тегишли қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ норма бошқа норматив-ҳужжатларга мувофиқлаштирилмоқда. Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу ўзгаришларнинг киритилиши инсоннинг шахсий дахлсизлиги олий қадрият эканлиги муносабати билан инсоннинг шахсий ҳаёти, унинг шахсига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда олиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатишдан жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлик таҳдиди билан тийилиши ва умуман унга доир маълумотлар билан қонуний ишлаш самарадорлиги оширилишига хизмат қилади.